Россия қўшинлари Украина билан чегарага яқин жойлашгани кўрсатилган харита намойиш қилинди. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, харита ўз манбаларига асосланган ҳолда нашр томонидан тузилган бўлиб, бу қўшинлар қўшни давлат билан можаронинг кучайиши билан «таҳдид» қилмоқда. Газетанинг ёзишича, Россия Украинани уч томондан «ўраб олган».

Қайд этилишича, харитада қўшинларнинг тури, уларнинг сони ва ҳарбий қуролларнинг турлари кўрсатилган. Аниқлик киритилишича, харита Украина ва Ғарб расмийлари, шунингдек, мустақил ҳарбий таҳлилчилар ҳамда сунъий йўлдош тасвирлари маълумотлари асосида тузилган.

Фото: «The New York Times»

Ғарб ва Украина расмийлари томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳозир Украина билан чегара яқинида 100 минг аскар бор. Бироқ АҚШ разведка хизматларининг ҳисоб-китобларига кўра, Кремль 175 минг аскар иштирокидаги ҳарбий операцияни ишлаб чиққан. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Москва Украинага бостириб киришни режалаштираётгани ёки бундай эмаслиги ҳозирча аниқ эмас.

«The New York Times» харитасида Россия қўшинларининг Украина чегарасигача бўлган ўнта асосий жойлашуви манзили кўрсатилган. Уларнинг деярли барчаси, нашрга кўра, артиллерия, оғир техника ва танкларни ўз ичига олади.

Маълумотларга кўра, қўшинларнинг икки гуруҳи Беларусь билан чегарада, Ельня (Смоленск вилояти) ва Клинци (Брянск вилояти) шаҳарлари яқинида, яна 3 та гуруҳ эса Воронеж яқинида жойлашган.

«Яна бир гуруҳ Волгоград вилоятида, яна 2 таси Донецк ва Луганск халқ республикалари билан чегара яқинида жойлаштирилган», дейилади хабарда.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Россия кенг кўламли операцияни ўтказишдан олдин, катта эҳтимол билан ҳарбий заҳирани, шунингдек, Украина билан чегара яқинида мавжуд бўлмаган инфратузилмани, масалан, дала касалхоналарини кучайтириши керак.

Фото: «The New York Times»

Маълум қилинишича, бир қатор Ғарб оммавий ахборот воситалари баҳор ва кузда Россия Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўраётганини тахмин қилган мақолалар чоп этган. Ғарб расмийлари ҳам шундай баёнотлар билан чиққан. Жумладан, Вашингтон бир неча бор хавотир билдирган ва Москвани оқибатларидан огоҳлантирган.

Россия, ўз навбатида, Украинага ҳужум қилиш режаларини рад этган. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳеч қачон ҳеч кимга биринчи ҳужум қилмаганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Ғарбдан Россияни Украина шарқидаги можарони ҳал қилиш жараёнига таҳдид сифатида кўрсатиш мақсадида ахборот кампанияси олиб борилмоқда.

Аввалроқ Россия Украина билан чегарага қанча ҳарбий жойлаштиргани очиқланганди. Шунингдек, Россия ва АҚШ вакиллари ўзаро учрашувда Украина сабабли тортишиб қолганди.