Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг ҳафта давомидаги энг сара ва муҳим хабарларини ўз ичига олган ҳафталик дайжести.

Бу ҳафтада кўплаб «янги»ларни учратдик: янги йил, Самарқанддаги янги («иш кўрсатган») туннель, коронавируснинг янги штами. Янги йилнинг илк ҳафтаси дам олиш куни билан бошланди, аммо, шундай бўлса ҳам, қатор муҳим хабарларга бой бўлди. Ҳозир уларни бирма-бир эслаб ўтишнинг айни вақти.

Ушбу ҳафта бошида ўзбекистонликлар, катта эҳтимол билан, комета учишини кузатди. Ижтимоий тармоқларда эса «Дарвин назарияси» атрофида тортишув бўлди.

Фото: «Profile.ru»

Марказий Осиё аҳолиси 3 январь, душанба куни «C / 2021 А1» (Леонард) кометасини кузатиш имконига эга бўлди. Ушбу космик ҳодисани фақатгина дурбин ва телескоплар орқали кузатиш мумкин эди. Балки шунинг учундир бу ҳақда кўп гап-сўз бўлмади. Аммо кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бошқа мавзу бор: Эволюция назарияси.

Фото: «Getty Images»

Шу кунларда ўзбек ижтимоий тармоқларида эволюцион таълимот ҳақида муросасиз баҳслар авж олди. Гап дин ва унинг асосий ақидаларига боғлиқ бўлгани учун бу баҳсда ҳақорат, таҳдид ва камситишгача борилди. Айни воқеалар ҳақида ҳуқуқшунос Ўткир Холмирзаев ўз фикрларини баён қилди. Мазкур таҳлилий мақола билан батафсил бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов эса юқоридаги икки хабарни ўз карикатурасида тасвирлади. Унда 2021 йилнинг декабрида америкалик киноижодкорлар томонидан тақдим этилган «Don’t look up» киносига ҳам ишора бор.

Карикатура: Ҳабибулло Мўйдинов / «Bugun.uz»

Самарқандда янги (яп-янги!) туннелнинг деворларидан сув отилиб чиқди. «Кўприкқурилиш» трести УК қурилиш битмаганини айтди.

Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасидаги кўприк 2021 йилнинг 31 декабрь куни фойдаланишга топширилганди. Сўнгги кунларда шаҳарда ёққан ёмғир сабаб ушбу туннелдан сув сизиб чиқди (тўғрироғи, отилиб чиқди).

«Кўприкқурилиш» трести унитар корхонасининг ҳолат юзасидан берган баёнотида айтилишича, яқин кунларда қатор ишлар амалга оширилиб, лойиҳа тўлиқ якунланади.

«Лойиҳа ечимига кўра, ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган», дейилади корхона муносабатида.

Шунингдек, унда айтилишича, ушбу кўприкда Янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликнинг олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Telegram’даги «Davletovuz» каналида лойиҳа тендерсиз «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш»трести УК томонидан амалга оширилгани айтилган. Унинг умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Энди давлат органлари томонидан фуқаролардан қатор ҳужжатлар талаб қилинмайди. Белгиланган ҳужжатларни органлар «Электрон ҳукумат» платформасидан олади.

Ҳужжатларнинг рўйхати катта, уларнинг барчасини бу ерга ёзолмаймиз, шу сабабли тўлиқ рўйхат билан танишиш учун бу ерга босинг. Аммо олдиндан айтишимиз мумкинки, улар орасидан диплом, аттестат, молиявий ҳисобот нусхалари ва бошқалар ҳам ўрин олган.

Энди «загранпаспорт»лар Давлат хизматлари марказидан ҳам берилади ва унинг «нархи» арзонлашди.

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан бошлаб хорижга чиқиш паспортлари Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этилади.

Фото: «Bugun.uz»

Бунда Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш учун тўлов миқдори БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм)ни ташкил этади. Маълумот учун, ушбу тўлов миқдори аввал БҲМнинг 1,2 баравари бўлган — 324 минг сўм.

Яна бир узоқ кутилган янгилик: ўзбекистонликлар учун Умра сафарига рухсат берилди.

Фото: «Reuters»

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров 5 январь куни Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ билан «Умра—2022» мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади. Умра сафарларининг бошланиш санаси ва биринчи рейснинг учиш вақти ҳақида қўшимча хабар қилинади.

Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди (ҳа, энди мактаб ўқувчиларига ҳам).

Фото: «Bugun.uz»

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги 6 январь, пайшанба куни олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишқи таътил муддатини 24 январга қадар узайтирди. Бунга сабаб олий таълим муассасалари кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтгани туфайли кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари учун асосий ишдан ажралган ҳолда ўқув жараёнлари барча олий таълим муассасаларида ташкил этилиши бўлган.

Ушбу хабар тарқалгандан сўнг «Bugun.uz» мухбири таътил муддати чўзилиши мактаб ўқувчилари учун ҳам татбиқ этилиши ё этилмаслиги юзасида Халқ таълими вазирлиги билан боғланганди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўшанда вазирлик буни инкор этиб, мактаб ўқувчилари учун III семестр 11 январдан бошланишини айтганди. Аммо бугун, 9 январь куни Халқ таълими вазирлиги ҳам мактабларда қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилганини эълон қилди.

Ўзбекистон ички мавсумий истеъмолни қоплаш учун Россияга табиий газ экспортини бутунлай тўхтатди.

Хабар юзасидан «Bugun.uz» батафсил маълумот олиш учун Энергетика вазирлиги билан боғланди. Вазирлик 2022 йилда Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни режалаштирмаётганини тасдиқлади.

Фото: «Getty Images»

Қайд этилишича, 2018 йилда Ўзбекистон «Газпром»га 3,8 миллиард куб/метр газ етказиб берган, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 миллиард кубга оширган, 2020 йилда эса тўхтатилган. Ўз навбатида, 2020 йилда «Газпром» туркман газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаган.

Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиққанди. Икки кун ўтиб Президент яна ишга қайтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг 5 январь куни эълон қилинган таътили якунлангани ва у одатдаги тартибда иш бошлаганини эълон қилди. Шундай қилиб, Президентнинг қисқа муддатли меҳнат таътили 5 январдан 7 январгача давом этди ва бу унинг 6 йилдаги расмий учинчи дам олиши ҳисобланади.

Ўзбекистонда 2022 йил 1 апрелга қадар тухум маҳсулоти экспорти вақтинчалик тўхтатилди.

Республикада озиқ-овқат хафвсизлиги ва ички истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тухум экспортини вақтинча чеклаш бўйича таклифи ҳукумат йиғилишида маъқулланган.

Фото: «Bugun.uz»

Тухум экспортига нега тақиқ қўйилгани бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг изоҳи ва қўшимча маълумотлар билан ушбу мақола орқали танишишингиз мумкин. Унгача колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдиновнинг карикатурасини кўринг.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Аи-80 бензинининг нархи сезиларли даражада пасайди. Лекин бу бир кунлик кўрсаткич, холос.

Ўзбекистон товар-хомашё биржасида 8 январь куни Аи-80 бензинининг нархи 6,3 фоизга камайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси ҳисобига 7474,4 минг сўмни ташкил қилди. Ушбу Аи-80 бензинининг биржадаги нархи литрга ўтказилганда маҳсулотнинг бир литри таҳминан 5700 сўмни ташкил қилади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бу нарх узоқ сақланиб қолмаслиги ва «заправка»ларда ўз аксини топмаслиги мумкин. Чунки бу фақатгина биржадаги (ва) бир кунлик нарх, эртага яна ўзгариши мумкин (балки ошар, балки тушар, ким билсин).

Ва ниҳоят, ҳафтанинг асосий мавзуси — Қозоғистон воқеаларига аталган алоҳида дайжест ва карикатуралар.

Норозилик намойишидан террорчилик ҳаракатигача: Қозоғистонда бир ҳафтада нималар содир бўлди?

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов
Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.