Коронавирусдан тузалган одамларда пайдо бўладиган антитаначалар тана аъзолари ва тўқималарнинг соғлом ҳужайраларига ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда «Journal of Translational Medicine» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Келтирилишича, АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги юрак институти тадқиқотчилари гуруҳи бу ҳақда маълумот берган. Улар коронавирусдан тузалиб кетганидан кейин бир неча ой ўтгач, одамлардаги антитаначалар соғлом ҳужайрага ҳужум қилганини аниқлаган. Вакциналар пайдо бўлгунга қадар касалликка чалинган 177 нафар тиббиёт ходимида олти ой ичида сурункали яллиғланиш, бўғимлар, тери ва асаб тизимига зарар етказувчи антитаначалар топилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 300 миллионга яқин одам коронавирус билан касалланган, улардан 5,4 миллионини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Энг қийин ковид вазият АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Буюк Британияда ва Россияда қайд этилган.

Аввалроқ ковиднинг организмда аломатларсиз ўтиши қандай хавфли оқибатга олиб келиши аниқланганди. Шунингдек, «омикрон» штамининг энг кенг тарқалган аломати маълум бўлган.