Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари Қозоғистондаги вазият кескинлашгани муносабати билан видеоселектор йиғилиши ўтказади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Келтирилишича, Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали мулоқот чоғида КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг шошилинч учрашувини муҳокама қилган. «Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг қўшма йиғилиши талаб этилади», дея таъкидлаган Кремль матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Путин қозоғистонлик ҳамкасбининг таклифини қўллаб-қувватлаган. Арманистон бош вазири Николь Пашинян ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ташкилотнинг видеоконференциясида иштирок этишга розилик билдирган. Шунингдек, улар Россия раҳбари билан Қозоғистондаги ҳозирги вазиятни муҳокама қилган ва республикадаги вазият «тинчланиш ва нормаллашишга мойил» деган фикрни билдирган.

Ҳозирда видеоконференциянинг аниқ санаси ва бошқа тафсилотлар ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тадбирда иштирок этишини ҳали тасдиқламаган.

Эслатиб ўтамиз, КХШТнинг Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусь тинчликпарвар кучлари Қозоғистонда ҳарбий миссия ўтамоқда.

Мавзуга доир: Махсус кучлар ва ҳарбий разведка. КХШТ давлатлари Қозоғистонга қандай бўлинмаларни жўнатди?