Янгиликлар - 12:33 · 09.01.2022

Назарбоевнинг қизи ва куёви намойишлар туфайли қанча пул йўқотгани айтилди

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Халқ банкини (Халик-банк, JSC Halyk Bank) бошқарадиган қизи Динара Қулибаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоев жами 200 миллион долларга камбағаллашди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Фото: «socialismkz.info»

Маълум қилинишича, намойишчилар жамоат биноларига ўт қўйиш ва ёдгорликларни бузишга киришгач, Қозоғистондаги иккита йирик банк — «Kapsi» ва «Ҳалик Банк» АЖ акциялари нархи кескин тушиб кетган. Жумладан, «Kapsi» банк акциялари нархи 30 фоизга — 118 доллардан 87 долларга пасайган.

Натижада банк раиси Вячеслав Кимнинг 5,7 миллиард долларга баҳоланган бойлиги 4,2 миллиард долларга тушган бўлса, «Kapsi» банки раҳбари Михаил Ломтадзе эса 1,4 миллиард доллар йўқотган. Ҳозир унинг бойлиги 3,8 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Қайд этилишича, «Kapsi» ва «Ҳалик» банклари акциялари нархи тушишига молия институтлари пенсия тўловларини кўриб чиқишни ҳукумат томонидан 19 январга белгиланган фавқулодда ҳолат муддати тугагунча қолдириши сабаб бўлган. Ўз навбатида, «Forbes» нашри Қозоғистонда норозилик намойишлари остида акциялар нархининг қулаши туфайли тўрт миллиардер умумий ҳисобда 3 миллиард доллар йўқотганини маълум қилган.

Аввалроқ Назарбоевнинг оммага кўриниш бермаётгани сабаби маълум бўлганди. Шунингдек, унинг оиласи Қирғизистонга учиб кетгани айтилганди.