18:11 | 09.01.22 66

Норозилик намойишидан террорчилик ҳаракатигача: Қозоғистонда бир ҳафтада нималар содир бўлди?

Bugun.uz қўшни республикадаги воқеалар хронологиясини тақдим этади

Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Жанаўзен ва Ақтау шаҳарлари (мамлакат ғарбидаги нефть қазиб олувчи вилоят) аҳолиси иштирокида 2 январда суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошиши сабабли бошланган митинг кўлами ҳафта давомида янада кенг ҳудудни қамраб олди.

Мамлакатда 1 январдан бошлаб газ нархи талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда электрон биржа савдоcида белгиланди. Жумладан, суюлтирилган газнинг бир литр нархи 120 тенгега (0,27 доллар) ошди, намойишчилар эса уни 60 тенгега (0,13 долларга) туширишни талаб қилди. Аҳоли туни билан намойишда иштирок этиб, митинг бўлиб ўтаётган кўчаларни тўсиб қўйди.

Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 3 январда ҳукуматни Жанаўзен шаҳридаги вазиятни таҳлил қилишга, аҳолининг суюлтирилган газ нархи ошишини тўхтатиш ва уни пасайтириш талабини ўрганишга чақирди. Президент вазиятни кўриб чиқиш учун ҳукумат комиссиясини тузишни топширди ва намойишчиларни жамоат тартибини бузмасликка чақирди.

Таъкидланишича, 3 январга келиб митинг Атирау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларини қамраб олди. Полиция ходимлари жараёнга аралашиб, намойиш иштирокчиларини ўраб олди. Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эса намойишчиларга нисбатан ҳибсга олиш ва кордон ёрдамида тўсиб қўйиш тактикаси қўлланилганини рад этди. 4 январь куни Манғистов вилоятини қамраб олган газ нархининг ошишига қарши намойишларда «Тенгизшев» МЧЖ нефть қазиб олувчи ширкати ходимлари ҳам қатнашди. Ақтаудаги намойишчилар 4 январда ҳукуматга ўз талабларини етказди. Улар газ ва озиқ-овқат нархларини пасайтириш, шунингдек, ишсизлик муаммосини ҳал қилишни сўради. Манғистов вилоятига келган ҳукумат комиссияси аъзолари вазиятни ҳал қилиш бўйича  газ нархи ошишига қарши намойишчилар вакиллари билан музокаралар ўтказишни бошлади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 январь куни Манғистов ва Олмаота вилоятлари, шунингдек, Олмаота ва Нур-Султонда икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилди. Ушбу режим, хусусан, соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати, оммавий тадбирлар, иш ташлашлар ва қурол сотишни тақиқлашни, шунингдек, айниқса, муҳим объектларининг қўриқланиши кучайтирилишини ўз ичига олади. Ҳудди шу куни фавқулодда ҳолат режими бутун Қозоғистон ҳудудига 19 январгача узайтирилди.

Тўқаев шу куни эрталаб  ҳукуматни истеъфога чиқарди ва республика Хавфсизлик кенгашини бошқариб, биринчи давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни бу лавозимдан четлатди. (Назарбоевнинг маслаҳатчиси 9 январда собиқ президентнинг ўзи бу лавозимни тарк этганини айтди) Бундан ташқари, президент ҳокимият ҳуқуқбузарларга нисбатан имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилишини таъкидлаб, яқин орада «янги таклифлар пакети билан чиқишга» ваъда берди. Намойишчилар шу куни Олмаота аэропортини эгаллаб, аэропортдаги дўкон ойналари уриб синдирди. Бундан ташқари, намойишчилар Олмаота полиция бошқармаси биносига бостириб киришга уринди. «Қозоғистон» телеканалининг Олмаотадаги филиали биноси эса ёқиб юборилди, талончилар бульдозер ёрдамида шаҳардаги банкка бузиб кирди.

Ҳолат юзасидан Олмаотада ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, 50 га яқин ҳарбий техника жалб қилинган «антитеррор операцияси» бошланди. Ҳарбийлар зирҳли техникада погром қатнашчиларини Олмаота марказида қуршовга олган, шаҳарда ўқ овозлари эшитилган.

Операцияларга қарамай, талончилар Олмаотада 7 та «Magnum» гипермаркетини бутунлай талон-торож қилиб, яна 7 та дўконга ҳужум қилган. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликлар туфайли мингдан ортиқ одам жабрлангани, 400 киши касалхонага ётқизилгани, 62 нафар киши эса жонлантириш бўлимидалигини маълум қилган. Олмаотадаги тўқнашувларда 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, 353 нафари яраланган.

Бироқ талончилар ҳужуми давом этган. Жумладан, улар Олмаотадаги 5 та телеканалга «МИР», «Қозоғистон», «Хабар», «Евроосиё», «КТК»га ҳужум қилган. Ҳужум вақтида «Қозоғистон» телеканалининг бир ходими енгил тан жароҳати олган. Талончилар қимматбаҳо жиҳозларга зарар етказган, видеокамераларни ўғирлаб кетган. Ҳодиса жойига ўт ўчирувчилар жалб қилинган. 5 январь куни тунда 245 киши ҳибсга олингани қайд этилган. Кейинчалик 35 киши озод қилинган, улар орасида вояга етмаганлар ва аёллар бор. Ҳибсга олинганлар орасида бошқа мамлакатлар фуқаролари, жумладан, бир нафар россиялик ҳам бўлган. Полиция маълумотларига кўра, қўлга олинганлар жамоат тартибини бузган, ўриндиқларни синдирган, кўчаларга чиқинди улоқтирган. Мазкур тартибсизликлар жараёнида шиша идишда портловчи бомба ва травматик қуроллар топилган.

Намойишлар фонида Қозоғистон ҳукумати суюлтирилган газ ва бензин нархини пасайтирди. Оқтўба, Атирау ва Манғистов вилоятларида автогазнинг максимал нархи 1 литр учун 50 тенге (чекка туманларда — 55 тенге) этиб белгиланди. Чимкент, Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларида 1 литр учун 60 тенге (чекка туманларда – 65 тенге) нарх ўрнатилди. Олмаотада литри учун 65 тенге, Нур-Султон, Оқмола, Қўстанай, Қарағанда, Павлодар, Шимолий Қозоғистон вилоятларида литри учун 70 тенге (чекка туманларда — 75 тенге). Мазкур нарх ҳукумат томонидан 180 кунга белгиланган.

Бундан ташқари, бензин нархи вақтинча камайтирилган. Аи-80 литри 89 тенге, Аи-92 ва Аи-93 182 тенге, Аи-95 эса 215 тенгедан ошмайди. Дизелнинг максимал нархи Ақмўла, Ақтўбе, Шарқий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 260 тенге этиб белгиланган. Бошқа ҳудудларда литри учун 240 тенге ҳисобланади. Йирик ва майда шохли ҳайвонлар (6 ой), картошка ва сабзи (уч ой) экспортига тақиқ жорий этилган. Қайд этилишича, бу озиқ-овқат нархини барқарорлаштириш мақсадида қилинган. Бироқ намойишлар жаҳон фонд бозорига таъсир қилиб, биткоин нархи тушишига, уран нархи ошишига олиб келди. Бу Қозоғистон жаҳондаги ураннинг 40 фоиздан ортиғини ишлаб чиқариши ва республикада криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича кўплаб объектлар мавжудлиги билан боғлиқ.

6 январга ўтар кечаси Тўқаев ўз раҳбарлигида Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказди, унда у Қозоғистондаги вазиятни «давлат яхлитлигига путур етказиш» деб атади ва «террорчилик таҳдидини енгиш» учун КХШТдан ёрдам сўради. Шу куни тунда КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши Тўқаевнинг мурожаати муносабати билан Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу кучлар ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсадида чекланган муддатга юборилиши белгиланди. Ташкилот бош котиби Станислав Зась вазиятдан келиб чиқиб, Қозоғистонга 2500 аскар юбориш тўғрисида қарор қабул қилинганини айтди. Арманистон Қозоғистонга 70 га яқин, Тожикистон 200 га яқин ҳарбий юборишини маълум қилди.

7 январб куни Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликларни уюштириш ва уларда қатнашиш фактлари бўйича жиноий иш қўзғатиб, намойишчилар умрбод қамоқ жазосига тайинланиши мумкинлигини маълум қилди. Нурсултонда соат 23:00 дан 07:00 га қадар уйдан ташқарига чиқиш тақиқланди. Қозоғистон пойтахтидаги масжидлар вақтинча ёпилди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 7 январь куни аҳолига қилган мурожаатида армия ва ҳарбийларга террорчиларга қарата ўт очишга рухсат берди. «Мен огоҳлантирмасдан ўт очишга буйруқ бердим. Биз тинчлик музокараларини ўтказишга чақирилганмиз. Қандай бемаънилик? Қотиллар ва жиноятчилар билан қандай музокаралар олиб бориш мумкин? Террорчиларни йўқ қилиш керак. Биз буни қиламиз ҳам», — дея таъкилаган Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, тўқнашувларда юзлаб одамлар жароҳатланган. Вазият барқарорлашгани сари мамлакат раҳбарияти ҳудудларда фавқулодда ҳолат режимини босқичма-босқич олиб ташлаб, интернетни тиклашини қўшимча қилган.

Шу куни мамлакатда 3706 нафар намойишчи ҳибсга олинди. Жанаўзандаги намойишчилар иккига бўлинди. Баъзилар мамлакат хавфсизлиги учун ҳамма уйига қайтиши кераклигини таъкидласа, бошқалар майдонда қолишни танлади. Рамзан Қодиров Қозоғистондаги намойишчиларни тартибсизликларни тўхтатиб, уйига қайтишга чақирди. Қозоғистоннинг Атирау шаҳридаги тартибсизликлар вақтида 104 киши қўлга олинди, 35 нафар полициячи ва фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 10 нафар ходими жароҳатланди.

8 январь куни Human Rights Watch ташкилоти Қозоғистон президентини огоҳлантиришсиз ўқ узиш ҳақидаги буйруқни бекор қилишга чақирди. Қозоғистондаги тўполонларда 10 нафар ўт ўчирувчи жароҳат олди, безорилар уларга қарата ўқ узиб, тош отди. Мамлакат миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов қўлга олинди. Намойишлар давомида Қозоғистон полициясига 4,2 мингдан ортиқ киши, жумладан, чет эл фуқаролари олиб кетилди. Тўқаев 10 январь умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Қозоғистоннинг пойтахтида спортчи, шифокор, ўқитувчи ва тадбиркорлардан иборат «Халқ соқчиси» отряди тузилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосарини ҳам лавозимидан озод этди. У Олмаотага 20 мингга яқин террорчи ҳужум уюштиргани ҳақидаги твитни ўчиртирди. Қозоғистонда суюлтирилган газнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи 180 та компания монополияга қарши текширувдан ўтиши белгиланди. Мамлактнинг 90 дан ортиқ киши ҳибсга олинган, 7 нафар полициячиси яраланган, бир нафари ҳалок бўлган Жамбил вилоятида террорчилик таҳдидининг «қизил» даражаси жорий этилди. Вилоятда полициячилар радикаллардан автоматлар, снайпер милтиғи, тўппонча ва пуллар мусодара қилди. БМТ намойишлар чоғида мингга яқин одам жароҳатланганини қайд этди.

Олмаотада шаҳар маъмурияти шиддатли қаршилик ҳаракатлари сақланиб қолаётганини маълум қилди. Шунга қарамай, шаҳардаги супермаркетлар қисқартирилган жадвал асосида иш бошлади. «‘Magnum’, ‘Тоймарт’ ва ‘Смолл’ супермаркетларининг 28 та филиали иш фаолиятини давом эттирмоқда. Савдо шохобчаларида, етказиб берувчи ва дистрибюторлар омборларида озиқ-овқат захиралари етарли. Хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилди. Савдо тармоқларида иш тартиби 09:00 дан 18:00 гача белгиланди», — дейди шаҳар Тадбиркорлик ва инвестиция бошқармаси матбуот хизмати.

Ушбу ўзгаришларга қўшимча тарзда 8 январдан Олмаотадан Нур-Султон ва Атирауга йўл оладиган қўшимча учта поезд йўлга қўйилди. КХШТ кучлари ҳарбий миссияга киришди. Беларусь қўшинлари  Қозоғистондаги ҳарбий аэродромни қўриқлашга, Россия зирҳли техникаси мамлакатнинг Байқўнғир шаҳри кўчаларида патруллик қилишни бошлади. Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев мамлакатга КХШТ тинчликпарвар кучларини юбориши минглаб қурбонларнинг олдини олишини қайд этган.

«Агар КХШТ қўшинлари ҳозир келмаганида эди, биз, албатта, ўзимиз эплай олар эдик, лекин бизда 2 миллион 724 минг квадрат/километр (ҳудуд) бор, бунинг учун бизга 2 ҳафта керак бўлар эди. Тасаввур қиляпсизми? Минглаб қурбонлар бўларди», — деган у.

9 январь куни Қозоғистон вилоятлари шаҳарлари аста-секин нормал ҳаётга қайтишни бошлади. Мамлакатда кучайтирилган хавфсизлик чоралари давом этмоқда, жумладан полиция барчанинг ҳужжатларини текширмоқда. Мамлактда тартибсизликлар оқибатда қўлга олинган фуқаролар сони 6 мингга яқинлашди. Аввалги кунларда кузатилгани каби аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сут ва нон учун қатор навбатларга туриши тўхтади. Қозоғистонда интернет ишлаши маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан тахминан 16:00 гача давом этмоқда.

Ўз навбатида, Туркий давлатлар ташкилоти, АҚШ, Туркия кетидан  Европа Иттифоқи ҳам Қозоғистонга инқирознинг олдини олишда ёрдамлашишга тайёрлигини маълум қилди. Мамлакатда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича 1414 ишонч телефони ишга туширилди. Тартибсизликлар туфайли 2 мингдан ортиқ, энг кўп Олмаота шаҳрида 1100 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилди. Қозоғистонда Олмаота халқаро аэропортининг ёпилишига олиб келган тартибсизликлар туфайли 120 дан ортиқ ички рейслар интернетдаги узилишлар туфайли бекор қилинди.

Ўзбекистонда кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти жорий этилиши мумкин

21:06
СМТИ раҳбари Римда «Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди

СМТИ раҳбари Римда «Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди

20:15
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 5 та энг асосий йўналишга эътибор қаратишини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 5 та энг асосий йўналишга эътибор қаратишини таъкидлади

19:18
Тошкентда уй талашган ука акасини ўлдирди

Тошкентда уй талашган ука акасини ўлдирди

18:06
Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги ўқитувчилар ойлигига тенглаштирилади

Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги ўқитувчилар ойлигига тенглаштирилади

16:54
Тошкентда Cobalt ва «Жигули» тўқнашиб, йўл четида турган уч кишини уриб юборди

Тошкентда Cobalt ва «Жигули» тўқнашиб, йўл четида турган уч кишини уриб юборди

15:42