Америкалик мутахассислар XXI аср охирига келиб одамлар 130 йилгача умр кўриши, умр кўриш чегараси эса 180 ёшга етиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «Time magazine»

Тадқиқот муаллифи, фан номзоди Лео Бельзиль 2100 йилга бориб, умр кўришнинг максимал давомийлиги 122 йилни ташкил этиб, рекорд қайд этилишини айтган. 1997 йилда вафот этган француз аёл Жанна Кальман шу ёшга қадар яшаган. Олимнинг тушунтиришича, баъзи маълумотларга кўра, инсон умрининг юқори чегараси йўқ деб тахмин қилинади.

«Annual Review of Statistics» нашрида Бельзиль 100 ёшдан ошган инсонларнинг кўпайиши қандай оқибатларга олиб келишини айтган, хусусан, у кексаликка хос бўлган касалликларнинг тарқалиши туфайли соғлиқни сақлаш харажатлари ошишини таъкидлаган. Бундан ташқари, ижтимоий таъминот тизими қийинчиликларга дуч келиши қайд этилган: нафақахўрлар улуши ортади ва солиқ тўловчилар улуши камаяди.

Таъкидланишича, ҳозирда дунёда 110 ёшдан ошган 12 киши ҳақида маълумот бор. Жанубий Калифорния университети профессори Эйлин Кримминс Бельзилнинг фикрига қўшилган. У бу ёшдаги одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кўп ҳаракат қилиш кераклигини айтиб, протезлаш ва орган трансплантация ҳақида тўхталиб ўтган. Мутахассис узоқ умр кўриш бўйича халқаро маълумотлар базасидан олинган маълумотни келтирган, унга кўра, ўлим хавфи 50 ёшдан бошлаб тез ўсиб боради, 80 ёшда секинлашади ва ҳатто 110 йилга келиб тўғриланиши мумкин.

«Одам 110 ёшга етганда, унинг кейинги йил ўлиш эҳтимоли 50 фоизга ортади. Бу умр кўришнинг юқори чегараси 130–180 йил бўлиши мумкинлигини билдиради», — деган у.

Шу билан бирга, мутахассис АҚШда коронавирус пандемияси бошланганидан бери ўртача умр кўриш қисқариб бораётганидан хавотир билдирган.

Аввалроқ дунёнинг қайси ҳудудларида одамлар кўпроқ умр кўриши маълум бўлганди. Шунингдек, олимлар кашандалик умр кўриш давомийлигини қанчага қисқартиришини аниқлаганди.