Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова «ZF-UZ-VAC2001» вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан 100 фоиз ҳимоя қилишини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 7 январь куни марказ лабораториясида «омикрон» штамми аниқланган. Ўзбекистонга Дубайдан келган хориж фуқаросида коронавируснинг янги штамми қайд этилган. Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мазкур ҳолат, шунингдек, «омикрон» тарқалишига қарши чора-тадбирлар муҳокама қилинган.

«‘Омикрон’нинг дунё бўйлаб тез тарқалишини инобатга олсак, унинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши вақт масаласи эди, деб айтди.

Илғор технологиялар маркази раҳбари сифатида ‘ZF-UZ-VAC2001’ синовларида ва вирусли мутацияларни ўрганишда фаол иштирок этарканман, мамлакатимиздаги энг оммабоп Ўзбекистон-Хитой вакцинаси устида олиб борилган тадқиқотлар янги штамм бўйича яхши натижаларни кўрсатаётганини айтишим мумкин.

Вакцинанинг кучайтирилган — бустер дозаси ‘омикрон’ дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилади. Хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам буни тасдиқлади», — дейди Шаҳло Турдиқулова.

Маълум бўлишича, махсус комиссия йиғилишида аҳолини, шу жумладан «ZF-UZ-VAC2001»нинг кучайтирилган дозалари билан эмлашни зудлик билан тезлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.