Ўзбекистон мактабларида қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Халқ таълими тизимидаги директор, директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда педагог-ўқитувчиларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган миллий ўқув дастурлар асосида малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек, ўқувчи-ёшлар ўртасида мавсумий грипп касаллиги кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида қишки таътил кунлари 2022 йил 24 январга қадар узайтирилган.

Таътил кунлари давомида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида улар учун онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловлар ташкил этилади. Бундан ташқари, халқ таълимининг ижтимоий тармоқлари ҳамда Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун таътил муддати 24 январгача узайтирилган.

«Bugun.uz» мактаб ўқувчиларининг қишки таътилида ҳам узайтирилиш бор-йўқлиги борасида Халқ таълими вазирлигидан изоҳ олганди. Вазирлик матбуот котиби мактаб ўқувчиларининг таътил кунлари узайтирилмаслигини маълум қилганди.