Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашмоқда — ССВ
Бир кунда 369 кишида ковид аниқланди, 2 бемор вафот этди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 8 январь куни 369 кишида коронавирус аниқланган, жами беморлар сони 200 минг 341 нафарга етган.
Янги касалланиш ҳолатларининг:
- 14 нафари Андижон вилоятида;
- 7 нафари Бухоро вилоятида;
- 15 нафари Жиззах вилоятида;
- 4 нафари Навоий вилоятида;
- 6 нафари Наманган вилоятида;
- 42 нафари Самарқанд вилоятида;
- 6 нафари Сирдарё вилоятида;
- 1 нафари Сурхондарё вилоятида;
- 7 нафари Фарғона вилоятида;
- 16 нафари Хоразм вилоятида;
- 56 нафари Тошкент вилоятида;
- 195 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1494 нафарни ташкил қилди.

«Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, ковиднинг янги «омикрон» штами қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир. Бунинг ортидан эса кўплаб давлатлар кескин карантин чораларини қўллашга мажбур бўляпти.
Афсуски, сўнгги кунларда юртимизда ҳам касалланишлар сони яна орта бошлади. Тўғри, ҳали мамлакатимизда «омикрон» штами аниқлангани йўқ, бироқ бу хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмайди. Шу сабабли барча юртдошларимиздан дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, касалликка қарши тўлиқ эмланишни сўраб қоламиз», дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 1 январь куни Ўзбекистонда 2021 йилнинг март ойидан бери ковидга чалиниш бўйича энг паст кунлик кўрсаткич қайд этилганди.