Ўзбекистонда 15 январдан бошлаб коронавирусга қарши кураш чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Республика махсус комиссиясининг қарори билан қуйидаги тартиб жорий қилинмоқда:

  • хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат аввал топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши;
  • коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда аэропорт, темирйўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт;
  • вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда.

Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитанинг фуқаролар Умра зиёратидан қайтишида короновирусга ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ва манфий натижасига мувофиқ кириб келишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Ўзбекистонга келган чет эллик фуқарода коронавируснинг «омикрон» штами аниқланган.