Ўзбекистонда 7 январь куни коронавируснинг «омикрон» штами билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонга келган хорижий давлат фуқаросидан ковиднинг янги «омикрон» штами 7 январь куни аниқланган. Йиғилишда коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўришни қатъий давом эттириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда.

Бунда, барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитанинг фуқаролар Умра зиёратидан қайтишида короновирусга ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ва манфий натижасига мувофиқ кириб келишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Аҳолини тўлиқ ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилади. Вазирлик ва идора раҳбарлари, ташкилий шаклидан қатъий назар, барча ташкилотларда ишчиларнинг эмлангандан сўнг иш жойига киритишига рухсат берилади. Мазкур тартибни бузган ташкилот раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий чора кўрилади.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади.