Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият «омикрон» штамининг тарқалиши ва фуқаролар томонидан профилактика чораларига етарлича риоя қилмаслиги туфайли ёмонлашмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, йил бошидан буён мамлакатда 5,2 мингдан ортиқ ковид ҳолат қайд этилган. Мамлакат пойтахти Нур-Султон коронавирус тарқалиши сабабли қизил ҳудуд, Чимкент ва Олмаота эса сариқ ва қолган 14 та ҳудуд яшил ҳудуд сифатида белгиланган.

«Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви ‘омикрон’ вариантининг аниқланиши, байрам кунлари аҳолининг ички миграцияси юқорилиги, профилактика чораларига етарлича риоя қилинмагани билан бевосита боғлиқ», дея тушунтирган вазирлик.

Таъкидланишича, Қозоғистонда коронавируснинг «дельта» штами доминант бўлиб қолмоқда, бу тур мутахассислар томонидан тўпланган барча намуналарнинг 71 фоизини ташкил қилади.

Мавзуга доир: Ўзбекистонда коронавируснинг «омикрон» штами аниқланди

Аввалроқ Кипрда коронавируснинг «дельтакрон» штами аниқлангани ва россиялик олимлар «супермутант» коронавирус пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантиргани маълум қилинган.