Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида тартибсизликлар вақтида қўлга олинганлардан бири Қирғизистондан учиб келганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Маълум қилинишича, айбланувчи эркак баъзилар Қозоғистонда 2 январдан бошланган митингда қатнашиши учун унга 200 доллар таклиф қилганини айтган. Шунингдек, улар эркакнинг йўл ҳаражатларини ҳам қоплаганини қайд этган.

«1 январь куни номаълум шахслар менга қўнғироқ қилиб, Қозоғистонда митингда қатнашишни таклиф қилди. Қирғизистонда ишсиз бўлганим учун уларнинг таклифига рози бўлдим. Улар менга авиабилет сотиб олди. Олмаотага 2 январь куни учиб келдим ва мени Ўзбекистон ва Тожикистондан келганлар турган квартирага олиб келишди. Улар нима ҳақида гаплашганини тушунмадим. Митинг бошланганида қўрқиб, квартирага қайтдим ва тунадим. Келаси куни уйга қайтишга қарор қилдим ва мени ҳарбийлар қўлга олди», — дейди қирғизистонлик эркак.

Маълумот учун, Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг камида 4404 киши ҳибсга олинган, улар орасида хорижликлар ҳам бор. БМТ намойишлар пайтида мингга яқин одам жароҳатлангани ҳақида маълумот берган. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги республика хавфсизлик хизматининг 18 нафар ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берган ва Қозоғистондаги қирғизистонликларни ўз яшаш жойида бўлиш қонунлари ва қоидаларига риоя қилишга, провокацияларга берилмасликка, зиддиятли вазиятларда қатнашмасликка, одамлар гавжум жойлардан қочишга ва яшаш жойларида қолишга чақирган.

Таъкидланишича, қўлга олинган мазкур фуқаро Бишкекда мусиқа соҳасида яхши танилган пианиночи Викрам Рузахунов ҳисобланди.

Аввалроқ Қозоғистонда 10 январь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинганди. Шунингдек, КХШТ кучлари Қозоғистондаги қандай объектларни ҳимояга олиши маълум бўлганди.