Россияда ўзбекистонлик 29 ёшли эркак одам пичоқлаб ўлдирганликда айбланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда «Konkretno.ru» хабар берди.

Фото: «Konkretno.ru»

Маълум қилинишича, ҳодиса 7 январь куни содир бўлган. Марҳум ва ўзбекистонлик эркак ўртасида автомобилда можаро келиб чиққан. Оқибатда эркак рақибига пичоқ билан бир неча марта жароҳат етказган. Кейин қотилликда гумонланувчи машинадан тушиб, уйига кетган. Машина ичида бўлган воқеа гувоҳлари жабрланувчини тиббий муассасага олиб кетган.

Бироқ кўрсатилган ёрдамга қарамай, эркак вафот этган. Ҳолат юзасидан тезкор гуруҳ 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ш.Р.ни қўлга олган. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қотиллик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Россиядаги ЙТҲда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ва БААда 41 ёшли ўзбекистонлик аёл ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган.