Саудия Арабистонида уч йиллик қамоқдан сўнг малика Басма бинт Сауд озод қилинди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг (Human Rights) Саудиядаги бўлимига таяниб, «BBC» хабар берди.

Фото: «Tasnimnews»

Маълум қилинишича, у 2019 йилнинг март ойидан бери ҳибсда бўлган. Қамоқдан 57 ёшли малика билан бирга унинг қизи ҳам озод этилган. Таъкидланишича, 2020 йил апрель ойида Басма қирол Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмондан соғлиғи сабабли уни қамоқдан қўйиб юборишни сўраган.

Малика Басма Саудия Арабистонининг собиқ ҳукмдори, мамлакатни 1964 йилгача бошқарган ва давлат тўнтариши натижасида хукуматдан кетган Сауд ибн Абдул-Азиз ал Сауднинг қизи бўлади. У ижтимоий ислоҳотлар ва гендер тенглиги учун курашган. Басма бинт Сауд даволаниш учун Швейцарияга учиб кетмоқчи бўлганида тўсатдан ғойиб бўлган, кейин у ҳибсга олингани маълум бўлган.

Расмийлар малика ва унинг қизини мамлакатни ноқонуний равишда тарк этишга уринишда айблаган, бу Саудия Арабистонида жиноят ҳисобланади. Шунингдек, унинг қизи кибержиноятчиликда ҳам айбдор деб топилган.

Аввалроқ Саудия шаҳзодаси қиролни ўлдирмоқчи бўлганликда айбланганди. Шунингдек, Саудия Арабистони шаҳзодаси ўлимга ҳукм қилинганди.