Қозоғистоннинг 90 дан ортиқ киши ҳибсга олинган, 7 нафар полициячиси яраланган, бир нафари ҳалок бўлган Жамбил вилоятида террорчилик таҳдидининг «қизил» даражаси жорий этилди. Вилоятда полициячилар радикаллардан автоматлар, снайпер милтиғи, тўппонча ва пуллар мусодара қилган.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг камида 4404 киши ҳибсга олинган, улар орасида хорижликлар ҳам бор. БМТ намойишлар чоғида мингга яқин одам жароҳатланганини қайд этган.

Ўз навбатида, Олмаотада шаҳар маъмурияти шиддатли қаршилик ҳаракатлари сақланиб қолаётганини маълум қилган. «Жангарилар ҳали ҳам қуролли қаршилик кўрсатмоқда. Барқарорлик кузатилмоқда, аммо қаттиқ қаршилик сақланмоқда», дейилади маъмурият хабарида.

Шунга қарамай, шаҳардаги супермаркетлар қисқартирилган жадвал асосида иш бошлаган. «‘Magnum’, ‘Тоймарт’ ва ‘Смолл’ супермаркетларининг 28 та филиали иш фаолиятини давом эттирмоқда. Савдо шохобчаларида, етказиб берувчи ва дистрибюторлар омборларида озиқ-овқат захиралари етарли. Хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилди. Савдо тармоқларида иш тартиби 09:00 дан 18:00 гача белгиланди», дейди шаҳар Тадбиркорлик ва инвестиция бошқармаси матбуот хизмати.

Ушбу ўзгаришларга қўшимча тарзда 8 январдан Олмаотадан Нур-Султон ва Атирауга йўл оладиган қўшимча учта поезд йўлга қўйилган. Мамлакатдаги КХШТ кучлари таркибидаги Беларусь қўшинлари  Қозоғистондаги ҳарбий аэродромни қўриқламоқда. Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев мамлакатга КХШТ тинчликпарвар кучларини юбориш минглаб қурбонларнинг олдини олишини қайд этган.

«Агар КХШТ қўшинлари ҳозир келмаганида эди, биз, албатта, ўзимиз эплай олар эдик, лекин бизда 2 миллион 724 минг квадрат/километр (ҳудуд) бор, бунинг учун бизга 2 ҳафта керак бўлар эди. Тасаввур қиляпсизми? Минглаб қурбонлар бўларди», — дейди у.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, КХШТ тинчликпарвар кучларининг россиялик десантчилари Қозоғистондаги муҳим объектларни қўриқлашни бошлаган.