Янгиликлар - 8:08 · 10.01.2022

Тошкентда «Malibu» ЙПХ инспектори талабига бўйсунмай, қочиб кетди — видео

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 9 январь куни «Malibu» ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати ходими талабига бўйсунмай, қочиб кетди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, туманнинг Гавҳар кўчасида хизмат олиб бораётган Тошкет шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори катта сержант А.Исмоилов томонидан «Malibu»га ҳужжатларини текшириш мақсадида хуштак ва жезл таёқчаси ёрдамида тўхташ ишораси берилди. Бироқ автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган.

ЙПХ инспекторларининг кўрган тезкор чора-тадбирлари натижасида автомашина Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасида жойлашган мост устида тўхтатилган ҳамда ҳайдовчи томонидан содир этилиши мумкин бўлган бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинган.

Аниқланишича, автомашинани бошқарган фуқаро 1999 йилда туғилган Р.А.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомашинани бошқариш учун ишончнома ва автомашина ойналарини қорайтириш учун тегишли рухсатномаси бўлмаган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126 («Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш»), 135 («Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши»), 194-моддаларига («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида «Malibu» ўқотар қурол билан тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг кейинчалик «Bugun.uz»га маълум қилишича, автомобиль ҳайдовчиси ушланган.