Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқлангани нима учун орадан икки кун ўтиб эълон қилингани ҳақида гапирди. Бу ҳақда АОКАда 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, самолётда бемор билан бирга келган 200 киши карантинга олинган. 130 нафар Ўзбекистон фуқароси уй, 70 нафар хорижий фуқаро меҳмонхона шароитида каратинга олинган.

«‘Омикрон’ штами, дастлаб, 7 январь куни аниқланди. Бироқ ушбу диагноз бўйича дунёнинг етакчи мутахассислари билан маслаҳатлашиш, узоқ текширувлар ўтказиш ва уни тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар туфайли уни ўз вақтида эълон қилиш имкони бўлмади ва икки кундан сўнг жамоатчиликка маълум қилинди», — деди Холмамат Норбоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 7 январь куни коронавируснинг «омикрон» штами билан касалланиш ҳолати қайд этилганди. Бунинг ортидан мамлакатда коронавирусга қарши кураш чоралари кучайтирилиши эълон қилинди. Шу билан бирга, ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан тўлиқ ҳимоя қилиши маълум қилинди.