АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида самолёт «Whiteman» аэропорти яқинидаги темир йўлга қулаб тушди. Бу ҳақда «NBC» хабар берди.

Фото: «SINDOnews»

Маълум қилинишича, самолёт салонида фақат учувчи бўлган, қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли поезд самолётни бузиб ташлагунча у қутқариб қолинган. Кузатув камераси билан олинган видеода полиция учувчини қутқараётгани, уни рельсдан узоқроққа олиб кетаётгани ва бир неча сониядан сўнг поезд самолётни уриб кетгани акс этган.

Таъкидланишича, жабрланувчи физик текширувдан ўтказилиб, касалхонага олиб кетилган. Етказилган зарар миқдори ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган. Федерал авиация бошқармаси бир двигателли «Cessna 172» самолёти ҳалокатга учраганини қайд этган. Департамент расмийлари бортда фақат бир киши бўлгани ва бошқа қурбонлар йўқлигини тасдиқлаган. Ёнғин хавфсизлиги хизмати «Cessna 172» ҳалокатга учраган жой яқинидаги йўллар иш тугагунига қадар ёпилишини айтган.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг юқори мартабали амалдорларини олиб кетаётган вертолёт қулаб тушгани ва руминиялик миллиардер ўзи бошқарган самолётда ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган.