Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги кун Сурхонадарёдаги зилзила билан бошланди. Дайжест ҳам шу хабар билан бошланади ва айнан зилзилага оид хабар билан якунланади.

Фото: Twitter / @mchsing

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 10 январь, душанба куни соат 02:41 да зилзила содир бўлди. Эпимарказ — Бойсун туманида. Унинг магнитудаси М=4,4 ни ташкил қилган, туманларда эса 2–3 баллга баҳоланган. Зилзила Сурхондарё ҳудудидан бошқа вилоятларда сезилмаган (ҳайриятки).

Куннинг асосий мавзуси эса коронавируснинг янги штами — «омикрон» атрофидаги гаплар. Қуйида шулар ҳақида батафсил.

Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқлангандан бир кун ўтиб, 10 январь куни қатор ташкилот ва вазирликлар ходимлари иштирокида шу юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Аввало, нега «омикрон» штами аниқланганидан 2 кун ўтиб хабар берилди? Ахир, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОМ) бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 8 январь куни Ўзбекистонда мазкур штамм аниқланмаганини айтгандику?!

Ташкилотнинг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоевнинг сўзларига кўра, ушбу штамм ҳақиқатдан ҳам 7 январда аниқланган. Лекин ушбу диагноз бўйича дунёнинг етакчи мутахассислари билан маслаҳатлашиш, узоқ текширувлар ўтказиш ва уни тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар туфайли уни ўз вақтида эълон қилиш имкони бўлмаган.

Ниқоб тақмаган фуқароларга бирдан катта миқдорда жарима солинмайди, улар биринчи огоҳлантирилади. Милиция ва Миллий гвардия ходимлари фуқароларга ниқоб тақдим этиши керак.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов ниқобсиз юрган фуқароларга жарима солиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини таъкидлади.

Фото: «Bugun.uz»

«Куни кеча махсус комиссиянинг йиғилиши бўлди. У ерда милиция ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ниқобсиз юрган фуқароларга биринчидан тушунтириш, огоҳлантириш берилади, сўнгра ниқоб тақдим этиш кераклиги айтилди. Ҳеч қандай жарима тўлаш борасида гап йўқ», — деди Ҳабибулла Оқилов.

Энди талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил узайтирилиши ҳақида.

ОТМларда ўқиш жараёни онлайн режимга ўтказилмаслиги, қишки таътил узайтирилиши ўқитувчилар ойлигига таъсир қилмаслиги, хусусий мактабларга ҳам «каникул»ни узайтириш бўйича маслаҳат берилгани маълум қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олийгоҳларда таътил муддати узайтирилишига Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқлангани боғлиқ эмаслигини айтди (аввалроқ сабаби айтилганди). Шунингдек, ўқиш жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди.

«24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади», — деди Абдували Холиқов.

Фото: «Bugun.uz»

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати 24 январгача узайтирилган қишки таътил ўқитувчиларнинг маошига таъсир қилмаслигини маълум қилди. Умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун бериладиган қўшимча таътил кунлари давомида педагог ва бошқа ходимларга амалдаги иш ҳақи тўлови сақланган ҳолда тўлаб борилади, яъни таътил ойлик маошга таъсир қилмайди.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизматига кўра, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хусусий мактаблар учун ҳам қишки таътил санаси узайтирилиши мумкин.

Коронавирусга оид охирги хабар, аммо буниси яхши. Ўзбекистонга ярим миллион доза «Moderna» вакцинаси келтирилди.

Мамлакатга коронавирусга қарши 500 минг 400 доза «Moderna» вакцинаси олиб келинди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 49 миллион 536 минг 768 дозани ташкил қилмоқда. Уларнинг энг кўпи — ўзбек–хитой вакцинаси бўлиб, унинг жами сони салкам 40 миллион дозани ташкил қилади.

Машинага газ баллони ўрнатиш — харакири билан баробар. Ўзбекистонда охирги 5 йилда автомобиллардаги газ баллони портлаши оқибатида 23 киши вафот этган, яна 20 нафари оғир тан жароҳати олган.

Қайд этилишича, охирги беш йил мобайнида автомобилларга ўрнатилган баллонларнинг портлаши билан боғлиқ 3 та фавқулодда вазият содир бўлган. Бунинг оқибатида 23 нафар фуқаро вафот этган ва 20 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган.

Фото: «Bugun.uz»

Таҳлилларга кўра, автомобиль баллонларининг портлашига сифатсиз (металлокомпозит) баллонлардан фойдаланиш, баллонларни ишлаб чиқариш жараёнида технологик камчиликлар, автомобилларга баллонларни ўрнатиш ва синов ишларининг сифатсизлиги, автомобилларга сиқилган газ қуйишда рухсат этилганидан ортиқча босимда газ қуйилиши кабилар сабаб бўлган.

Маълумотларга кўра, 2022 йилга қадар 2 миллион 570 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида 2,5 миллиондан ортиқ метан ва 200 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида суюлтирилган газ ёқилғисида ишлашга мослаштирилган газ баллонлари ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва президентига таъзия йўллади ҳамда у билан телефон орқали суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг таъзия мактубида Қозоғистон ҳудудидаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар, аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ҳамда оғир жароҳатлар олгани, кўрилган катта талафотлар муносабати билан Қосим-Жўмарт Тўқаевга ва дўст Қозоғистон халқига чуқур таъзия билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг жорий масалалари ва бўлажак қўшма тадбирлар юзасидан фикр алмашди. Қозоғистон президенти мамлакатдаги жорий вазиятни барқарорлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Бугун эълон қилинган бошқа сара мақолалар:

  • Жаҳон автомобиль саноатидаги инқироз ва унинг таъсири: «UzAuto Motors»да ҳолат қандай?;
  • Ижтимоий дайжест. Самарқанддаги 150 млрд сўмлик туннель, эволюцион таълимот, Тошкентга оид «3 та Т назарияси»;
  • Ички ва ташқи кучлар «фитнаси», тартибсизликлар бўйича тергов: Қозоғистонда тунда нималар содир бўлди?

Хўш, оламда нима гап?

Хитойда содир бўлган кучли зилзила оқибатида Буюк Хитой деворининг икки метрга яқин қисми қулаб тушди.

Ганьсу провинциясининг Шаньдань округида 8 январь, шанба куни 6,9 магнитудали зилзила содир бўлган. Оқибатда Буюк Хитой деворининг империя даврига оид қисми қулаган.

Фото: «Hi-Tech Mail»

Ҳукумат вакиллари маданий обидани бориб кўрган ва вайронагарчилик жойига таянчлар ўрнатиб, таъмирлаш-тиклаш ишларини бошлаб юборган. Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ, бироқ 9 киши жароҳатланган, шулардан 8 нафари аллақачон шифохонадан чиққан, бир нафари ҳамон шифокорлар назоратида.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Хитойда содир бўлган воқеага атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.