Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг уйидан 4 январь куни 200 минг доллар ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур маълумотни рад этди.

Жамол Носиров (ўнгдан биринчи)
Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, хабар Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда, ушбу хабарнинг мутлақо нотўғри эканлиги, яъни Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носировнинг хонадонида ўғирлик жинояти содир бўлмаганлиги, Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларига бундай мазмундаги ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида бирор бир хабар ёки мурожаат келиб тушмаганлиги ёхуд ҳокимнинг бирор бир яқин қариндошлари томонидан ҳам бундай жиноий ҳодиса юз берганлиги юзасидан хабар ёки мурожаат тушмагани маълум бўлди.

«Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, мустақил журналист ва блогерлар, ҳокимият вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган бу каби асослантирилмаган ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатмаслигингизни, ҳар қандай жиноят ва ҳодисалар юзасидан расмий маълумот олиш учун Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси aхборот хизматига мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз», дейилади хабарда.

Шунингдек, Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, 4 январь куни ҳоким даволанишда бўлган ва унинг уйига ўғри тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳар ҳокимлигида 2021 йил 5 май куни навбатдан ташқари ўтказилган сессия йиғилишида Жамол Носиров Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тайинланганди.