Бухоро вилояти Жондор туманида уйида фоҳишахона ташкил қилган 61 ёшли фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан «Орият» тезкор профилактик тадбири ўтказилган. Унда туманнинг Қозоқон маҳалласида яшовчи 61 ёшли Б.Ҳ. исмли шахс уйида аёл ва эркакнинг жинсий алоқада бўлиши учун шароит яратиб бергани аниқланган.

Қайд этилишича, у бунинг эвазига 50 000 сўм олган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода уйида фоҳишахона ташкил қилган 65 ёшли эркак қўлга олингани ва Қашқадарёда уйида фоҳишахона ташкил қилган аёл ушлангани маълум қилинган. Шунингдек, Сурхондарёда аёл 100 минг сўм эвазига уйида фоҳишахона ташкил қилгани хабар қилинган.