Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари 2022 йилнинг дастлабки кунларида бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаўзен ва Оқтов шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши чиқди.

Фото: «CNN»

Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва республиканинг энг йирик шаҳри бўлган Олмаотага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, жангарилар давлат муассасаларига ҳужум қилди, қурол-яроғларни олиб кетди.

Фото: «The Guardian»

Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Республика Ички ишлар вазирлигининг янгиланган маълумотларига кўра, 16 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги  Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тартибсизликлар сабабларини ўрганишини ва унинг натижаларини жаҳон ҳамжамиятига етказишини эълон қилди. «Ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу ҳолатнинг сабабларини кенг кўламли текшириш бўйича топшириқ берилди, унинг натижалари халқаро ҳамжамиятга етказилади», дейилади ТИВ хабарида.

Фото: «The Guardian»

Қозоғистон Давлат котиби Ерлан Карин КХШТ контингентининг жалб этилиши Қозоғистон расмийларига мамлакат яхлитлигини ҳимоя қилиш имконини берганини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, тартибсизликлар пайтида давлат яхлитлигини бузиш мақсадида вазиятни беқарорлаштириш ва издан чиқариш воситаларининг деярли бутун арсенали дақиқалар, соатлар давомида қўлланилди, шунинг учун ҳам қатъий чоралар кўриш керак бўлган. КХШТ кучларининг иштироки душманларнинг барча режасини барбод қилган. Тинчликпарвар контингентнинг саъй-ҳаракатлари эса тўғридан-тўғри аксилтеррор операциясини ўтказиш учун мамлакат кучларини жамлашга, давлат яхлитлигини ҳимоя қилишга ёрдам берган.

Давлат котибининг қўшимча қилишича, Қозоғистондаги воқеаларда ички ва ташқи кучларнинг фитнаси бор. «Ички ва маълум бир ташқи кучларнинг фитнаси мавжуд, чунки Қозоғистон фуқаролари ҳам, чет эл фуқаролари ҳам террорчи гуруҳларнинг иштирокчилари бўлган», — дейди у.

Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаотадаги тартибсизликларда иштирок этган икки экстремистик ячейкани зарарсизлантирди. Текширув чоғида гуруҳ аъзоларининг ёнидан ўқотар қуроллар, травматик ва шовқинли гранаталар, патронлар, диний адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар топилди.

Фото: «The Guardian»

Олмаота ва бошқа бир қатор вилоятларда уч кунлик блокдан сўнг мессенжерлар ҳамда ижтимоий тармоқлар ишлай бошлади. 6 январдан бошлаб интернетнинг нисбатан барқарор ишлаши фақат пойтахт Нур-Султонда кузатилаётган эди. Олмаота, Уст-Каменогорск (Шарқий Қозоғистон вилояти), Атирау (Мамлакат ғарбидаги Атирау вилояти) шаҳарлари аҳолиси ижтимоий тармоқларда интернет қайта тиклангани ҳақида хабар берди.

Вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш мақсадида давлат идоралари томонидан СМС-хабарлар юборилиб, чекланган миқдордаги сайтларга кириш йўлга қўйилди.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Нур-Султонда фавқулодда ҳолат тартибини бузган 64 кишини жавобгарликка тортди. Шубҳали шахсларни аниқлаш мақсадида олтита назорат-ўтказиш пунктида транспорт воситалари ҳаракатини кеча-кундуз текшириш амалиёти жорий этилди.

Тунга яқин Қозоғистон давлат котиби мамлакатда терактлар такрорланиши хавфи сақланиб қолаётгани ва фуқаролар ҳушёр бўлиши кераклигини айтди. Олмаота шаҳри ҳокими эса шаҳардаги ҳаёт босқичма-босқич нормаллашаётганини, барча шаҳар хизматлари аксилтеррор маркази билан яқин ҳамкорликда ишлаётганини маълум қилди.