Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) «дельтакрон» штамининг пайдо бўлиш эҳтимолини истисно қилди. Бу ҳақда ЖССТ техник гуруҳи раҳбари Мария ван Керховега таяниб, «Москва 24» хабар берди.

Фото: «CGTN»

Мутахассиснинг таъкидлашича, коронавирус штаммларининг комбинацияси кузатилмаган ва кипрлик олимларнинг «топилмаси» генетик секвенция пайтида намуна ёки ускунанинг ифлосланиши натижасида юзага келган бўлиши мумкин. Бу эса лаборатория хатосига олиб келган.

Кипр лабораторияси раҳбарининг айтишича, мамлакатда «дельтакрон» штами 25 та намунада топилган, улардан 11 таси коронавирус билан касалхонага ётқизилган беморларга тегишли, қолганлари эса республиканинг оддий аҳолисида аниқланган.

Аввалроқ Исроилда аниқланган «флурона» штами кимларда оғир кечиши маълум қилинган. Шунингдек, ковиднинг организмда аломатларсиз ўтиши қандай хавфли оқибатга олиб келиши айтилган.