Лондон Империал коллежи тадқиқотчилари одам коронавирус билан касалланганда танада ҳосил бўлган Т-ҳужайраларининг юқори даражаси COVID-19 инфекциясидан ҳимоя қилишини аниқлади. Бу ҳақда «Nature Communications» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, бошқа коронавируслар томонидан қўзғатилган Т-ҳужайралари SARS-CoV-2’ни таний олади ва организмни ундан ҳимоя қилади. Тадқиқот 2020 йил сентябрь ойида бошланган, ўшанда Буюк Британиядаги кўпчилик одамлар SARS-CoV-2’га қарши эмланмаган. Тадқиқотда коронавирус билан касалланган одамлар билан алоқа қилган 52 киши иштирок этган. Барча иштирокчилар бошида ПЗР тестларини топширган, 4 ва 7 кундан кейин яқинларида инфекция аниқлангач қайта тест топширган, учта тест ҳам салбий бўлган.

Қон намуналари инфекциядан кейин 1–6 кун ичида улар билан алоқага киришганлардан ҳам олинган, бу олимларга Т-ҳужайралари даражасини таҳлил қилиш имконини берган.

«Т-ҳужайралари SARS-CoV-2 инфекциясидан ҳимоя ролини ўйнаши ҳақида аниқ далиллар бор. Бу ҳужайралар вируснинг сиртидаги бошоқ оқсилига эмас, балки вирус ичидаги оқсилларга ҳужум қилиш орқали ҳимоя қилади», — дейди олимлар.

Аввалроқ қондаги қанд миқдорининг коронавирусга таъсири баҳоланганди. Шунингдек, ковиднинг организмда аломатларсиз ўтиши қандай хавфли оқибатга олиб келиши аниқланган.