АОКАда 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов ниқобсиз юрган фуқароларга жарима солиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқлигини таъкидлади. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

ССВ вакили ижтимоий тармоқларда ниқоб тақмаганлик учун 1 миллион 350 минг сўм жарима қўлланилиши айтилган хабарларга муносабат билдирди. Хусусан, у махсус комиссия йиғилишида бундай гап бўлмаганини қайд этди.

«Куни кеча махсус комиссиянинг йиғилиши бўлди. У ерда милиция ва Миллий гвардия ходимлари томонидан ниқобсиз юрган фуқароларга биринчидан тушунтириш, огоҳлантириш берилади, сўнгра ниқоб тақдим этиш кераклиги айтилди. Ҳеч қандай жарима тўлаш борасида гап йўқ», — деди Ҳабибулла Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «омикрон» штами аниқлангани нима учун орадан икки кун ўтиб эълон қилинганига изоҳ берилганди. Бунинг ортидан мамлакатда коронавирусга қарши кураш чоралари кучайтирилиши эълон қилинди. Шу билан бирга, ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган дозаси «омикрон»дан тўлиқ ҳимоя қилиши маълум қилинди.