Ўзбекистонда 5 йилда қанча одам машина газ баллонлари портлаши сабаб вафот этгани айтилди. Бу ҳақда АОКАда 10 январь, душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, охирги беш йил мобайнида автомобилларга ўрнатилган баллонларнинг портлаши билан боғлиқ 3 та фавқулодда вазият содир бўлган. Бунинг оқибатида 23 нафар фуқаро вафот этган ва 20 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган.

«Таҳлилларга кўра, автомобиль баллонларининг портлашига сифатсиз (металлокомпозит) баллонлардан фойдаланиш, баллонларни ишлаб чиқариш жараёнида технологик камчиликлар, автомобилларга баллонларни ўрнатиш ва синов ишларининг сифатсизлиги, автомобилларга сиқилган газ қуйишда рухсат этилганидан ортиқча босимда газ қуйилиши кабилар сабаб бўлган», — деди Буғ қозонлари, кўтариш иншоотлари ва путур етказмайдиган назоратда саноат хавфсизлиги инспекцияси ходими Жамшид Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилга қадар 1 миллион 570 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида 2,5 миллиондан ортиқ метан ва 200 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида суюлтирилган газ ёқилғисида ишлашга мослаштирилган газ баллонлари ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФВВ Навоийда «заправка» портлагани айтилган хабар бўйича маълумот берганди. Шунингдек, Бухорода ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.