Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хусусий мактаблар учун ҳам қишки таътил санаси узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 24 январга қадар узайтириш, уларнинг раҳбар ва педагог кадрларини масофавий таълим шаклини қўллаган ҳолда малака ошириш курсларига жалб этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, таътил даврида ўқувчиларга озиқ-овқат берилмаслиги ва бошқа сарф-харажатлар амалга оширилмаслиги сабаб ўқувчиларнинг ота-оналаридан тўлов ундирилмаслиги айтилган.

Қолаверса, таътил даврида ўқувчилар учун ташкил қилинаётган онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва танловларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш кўзда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил муддатининг бошланиши 25 декабрга кўчирилгани хабар қилинганди.