Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов АОКАда 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида талабаларнинг коронавирусга қарши эмланиши ҳозирча мажбурий бўлмаганини таъкидлади. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, шу пайтга қадар мамлакатдаги олий ўқув юртларида кундузги тарзда таълим олаётган талабаларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши ихтиёрий тарзда эмланган.

«Бугунги кунда кундузги таълимда бизда 525 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Ҳозирга қадар уларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши вакциналар билан эмланиб бўлган. Буни кўпайтириш мақсадида контракт тўловларида жуда кўплаб чегирмалар қилинганди. Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг ҳудудидаги поликлиникаларга бириктирилган ва бу жараёнлар ҳозир ҳам давом этяпти», — деди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, талабалар учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилгани эълон қилинганди. Бунинг сабаби этиб, ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши қайд этилган.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олийгоҳларда таълим жараёнлари онлайнга ўтказилмаслигини маълум қилган. Якуний назорат имтиҳонлари эса ўз вақтида бўлиб ўтишини айтган.