Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари 2022 йилда баъзи товар ва хизматларнинг нархи ошишини кутмоқда. Сўровнома иштирокчиларининг инфляцион кутилмалари 15,7 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий банк 2021 йил декабрь ойи учун тақдим этган инфляцион кутилмалар шарҳида маълумот берилган.

Фото: «Bugun.uz»

Декабрда ўтказилган сўровномалар натижасига кўра, қатнашчиларнинг келгусида нархлар ошишига асосий омил сифатида импорт товарлар ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши (35 фоиз), пандемия ва постпандемия шароитида нархларнинг оширилиши (33 фоиз) ҳамда ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашувини (25 фоиз) келтирган.

Тадбиркорлик субъектларининг нархлар ўсиши бўйича кутилмалари эса 14,9 фоизни ташкил этган. Улар келгусида нархлар ошишига асосий омил сифатида пандемия билан боғлиқ вазиятда рисклар мавжудлиги натижасида хориждан импорт қилинадиган хом ашё ва бутловчи қисмлар қимматлашиши (39 фоиз) ҳамда ёқилғи ва транспорт хизматларининг нархлари ошиши (29 фоиз)ни кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, «UzAuto Motors» ҳам 2021 йил давомида бир неча бор яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилигига дуч келганини қайд этганди. Ва ушбу муаммо 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир ўтказиши тахмин қилинган.

Бундан ташқари, сўровда қатнашган иқтисодиёт субъектларининг деярли 20 фоизи келгусида иш ҳақи ва нафақаларнинг ошишини, 14 фоизи хориждан хом ашё импортида логистика билан боғлиқ муаммолар кузатилиши мумкинлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида ўтказилган сўровномада аҳолининг нарх ўсиши бўйича кутилмаси 16,5 фоизни ташкил этганди. Cўровномада иштирокчилар нархлар ошишига миллий валюта курсининг қадрсизланиши (47 фоиз), ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши (43 фоиз) ҳамда улгуржи савдо нуқталарининг камайиши натижасида маҳсулотлар таклифининг қисқаришини (23 фоиз) сабаб сифатида келтирганди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари эса ноябрь ойида нархларнинг 15,6 фоизгача ошишини кутаётганини қайд этган. Келгусида нархлар ошишига асосий омиллар сифатида тадбиркорлик субъектлари ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши (49 фоиз) ҳамда миллий валюта курсининг қадрсизланишини (44 фоиз) келтирган.