Австрия канцлери Карл Нехаммер ҳукуматнинг 2022 йил феврал ойида коронавирусга қарши мажбурий эмлашни жорий этиш ниятини тасдиқлади. Бу ҳақда у Австрия матбуот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Financial Times»

Австрия раҳбарининг қўшимча қилишича, айрим ўзгартиришлардан сўнг қонун лойиҳаси тез орада якуний таҳрирда тақдим этилади.

«Энди жиддий эътирозлар кўриб чиқилади ва керак бўлганда тузатиш киритилади. Менинг фикримча, мажбурий эмлаш зарурати шубҳасиздир», — деган Нехаммер.

Канцлер, шунингдек, электрон тиббий карта тизимидаги техник қийинчиликларга қарамай, ҳукумат режаси февраль ойидан бошлаб, албатта, амалга оширилишини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Австрия ҳукумати 2022 йил февралидан бошлаб коронавирусга қарши мажбурий эмлашни жорий этиш режасини эълон қилган эди. Бу мажбурий эмлашларга қарши фуқаролик жамиятининг оммавий норозиликларини келтириб чиқарганди.

Аввалроқ хитойлик олимлар ковиднинг қанча аломатларсиз ташувчиси борлигини аниқлаганди. Шунингдек, коронавирус мия фаолиятига қандай зарар етказиши маълум қилинган.