Бола парвариши билан банд бўлган аёлларга меҳнат стажи қўшилади
Бунда кўпи билан 6 йиллик давр меҳнат стажи сифатида ҳисобланади
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида халқ вакиллари томонидан кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Қонун лойиҳасига кўра, амалдаги қонунчиликка қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилади:
- болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- болани парваришлаш вақтининг хаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига улар 18 ёшга (агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лисей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, 23 ёшга) тўлгунга қадар тўлаш;
- республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда уларга пенсияни уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш.
Шунингдек, қонун лойиҳасига Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майибланиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси тайинлаш тартиби ҳам киритилган.
Маълумот учун, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ушбу қонун лойиҳаси ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Қонун Сенат томонидан ҳам маъқулланса, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Президентга юборилади.