Бугун оқшоми. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига узайтирилган солиқ имтиёзи, Ўзбекистонни огоҳлантирган Лукашенко, Қозоғистоннинг янги ҳукумати
11 январнинг муҳим хабарларини битта дайжестга жойладик
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Депутатлар гўшт, картошка ва ўсимлик ёғига солиқ имтиёзи муддатини узайтиришга қарор қилди. Бу давлат бюджетининг 800 миллиард сўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 январдаги мажлисида депутатлар ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича айланма 2022 йил 30 апрелга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.

Ушбу имтиёзлар гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни олиб киришда ҳам қўлланиши қайд этилган.
Ҳужжатни қабул қилишдан мақсад аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли ва узлуксиз таъминлаш, нарх барқарорлигини сақлаш ва аҳоли даромадларини ошириш ҳисобланади.
Депутат Расул Кушербаевнинг қайд этишича, ушбу қонунни қабул килиш давлат бюджетининг 800 миллиард cўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади.
«Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда», — дейди Расул Кушербаев.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги йиғилишида қабул қилинган бошқа қарорлар:
- бола парвариши билан банд бўлган аёлларга меҳнат стажи қўшилади;
- автомототранспорт воситаси электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда.
Ўзбекистонда барча телефон қўнғироқлари ёзиб олиниши — қип-қизил ёлғон.

Ўзбекистонда янги қонун кучга кириб, барча телефон қўнғироқлари ёзиб олиниши ва ижтимоий тармоқ саҳифалари кузатув остида бўлиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ушбу хабарларни рад этди.
Куннинг асосий мавзуси — Қозоғистон. «Европанинг сўнгги диктатори»нинг гаплари уни яна трендга олиб чиқди.
10 январь, душанба куни ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди. Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қизғизистон, Россия ва Тожикистон каби давлатлар президентлари иштирок этди.
Ушбу йиғилиш тармоқларда кенг ёритилди, ўзбекистонликлар ҳам уни қизиқиш билан кузатиб борди. Ўзбек аудиториясининг эътиборини Беларусь президенти Александр Лукашенконинг гаплари тортди. У «Қозоғистондаги воқеалардан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклиги, агар бундай қилинмаса, Ўзбекистонни ҳам шу ҳолат кутиб тургани»ни айтди.
Россия Фанлар академияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин унинг мазкур фикрига муносабат билдирди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондаги вазиятдан тубдан фарқ қилади, жумладан, мамлакат ҳудудида беқарорлик учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ.
«Bugun.uz» Лукашенко КХШТ йиғилишида айтган гапларга блогерларнинг муносабатини бир жойга тўплади. Блогерлар, фаол қатлам ва зиёлиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрлари (постлари) остидаги изоҳларда ҳам буни кўриш мумкин. Кўпчилик буни «тўғридан тўғри таҳдид», «Ўзбекистоннинг суверенитетига таҳдид» сифатида қабул қилди. Айримлар бундай ҳолатлардан «дарс олишга чақириш» Беларусь президентига умуман ярашмайди деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, колумнистимиз Жаҳонгир Остонов Лукашенко бу гапи билан нима демоқчи бўлгани ҳақида таҳлилий материал тайёрлади.
Бу орада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистондаги вазият бўйича баёнот берди. Унда Қозоғистондаги намойиш ва тартибсизликлар вақтида Ўзбекистон фуқаролари қўлга олингани ҳақида маълумот йўқлиги айтилган.
«Қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабалар билан алоқа ўрнатилган. Уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда», дея қўшимча қилинади вазирлик ахборотида.
Қозоғистон янги ҳукумати таркиби тасдиқланди. Унда 7 та ўзгариш бор.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматининг янги таркиби тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мамлакат бош вазири этиб Алихон Смоилов тайинланган. Унинг бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамасида аввалги аъзоларидан баъзилари ўз ўринларини сақлаб қолган, баъзилари эса юқори лавозимга кўтарилган. Қозоғистон ҳукуматининг тўлиқ таркиби билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Бугун билан қолинг. «Бугун»да қолинг.