Янгиликлар - 18:44 · 11.01.2022

Европанинг ярми «омикрон» штами билан касалланиши мумкин

Европа аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи яқин олти–саккиз ҳафта ичида «омикрон» штами билан касалланади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа департаменти раҳбари Ханс Клюгега таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, мутахассис шу тариқа Вашингтон университети қошидаги соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институти маълумотларига изоҳ берган. Клюге Европа ва Марказий Осиёнинг 53 давлатидан 50 тасида ҳозирда «омикрон» билан касалланиш ҳолатлари қайд этилганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ковиднинг бу тури Ғарбий Европада тез ҳукмронлик қилмоқда ва ҳозирда Болқонда тез тарқалмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ ковиднинг инсон организмида узоқ вақт сақланиб қолиши сабаби маълум бўлганди. Шунингдек, «омикрон» штамининг терида кўринадиган аломати маълум қилинган.