Фарғона вилояти Учкўприк туманида «Ислом давлати» террористик ташкилоти тарафдорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2003 йилда туғилган У.М. Суриядаги «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш мақсадида 2021 йилнинг апрель ойида Туркияга борган. Лекин у ердан Сурия ҳудудига ўта олмагач, сентябрь ойида доимий яшаш манзилига қайтиб келган.

Сўнг Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманида истиқомат қилувчи яқин алоқадорларидан иборат яширин жамоат тузиб, улар орасида террористик ташкилот ғояларини тарғиб қила бошлаган. Аниқланишича, мазкур шахс ўзининг уяли телефон аппарати орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб, томоша қилиб, уларнинг таъсирида жамоат аъзолари орасида жиҳод ҳамда шаҳидликка чорловчи аудиосуҳбатлар олиб борган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, У.М.нинг уяли телефон аппарати хотирасидаги маълумотлар ўзининг моҳияти ва мазмуни, уларда илгари сурилган ғоялар жиҳатидан Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материаллар сирасига кириб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳисобланади. Ушбу маълумотларни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ҳозирда У.М. ва унинг алоқадорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент туманида «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» террористик ташкилотининг яширин жамоати аъзолари ушлангани ҳақида хабар берилганди.