Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 январдаги ялпи мажлисида айрим ҳолларда машиналарни ижарага беришда нотариал ҳужжат талабини бекор қилиш масаласи муҳокамага қўйилди. Мажлисда ушбу масалага алоқадор «Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қонун лойиҳасига биноан, автомототранспорт воситаси электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда.

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларни енгиллаштиради, ижара бозорини ривожлантиради», — дейди Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Муҳаммад Валиев.

Амалдаги қонунчилик эса автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлашни талаб этади. Шу билан бирга, янги таклиф этилган тартиб бўйича автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага берилса, онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлиши назарда тутилган.

Бундан аввалроқ ҳукумат қарори билан юридик шахслар ҳам автомобилларни қисқа муддатга ижарага олиши мумкин бўлган эди.