Москва–Қарши йўналиши бўйича SB-I3313 рейсини амалга ошираётган Россиянинг «Сибир» ҳаво йўллари самолёти соат 01:42 да Урганч халқаро аэропортига шошилинч қўнди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» хабар берди.

Фото: «Avia.ru»

Маълум қилинишича, самолётнинг фавқулодда тўхташига йўловчилардан бири — Тожикистон фуқаросининг шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабаб бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, эркакда аппендицит (кўричак) касаллиги кузатилган. Шунинг учун экипаж самолётни энг яқин аэропортга қўндиришга қарор қилган.

Аэропортга қўнган йўловчи тез ёрдам машинасида олиб кетилган ва ёрдам сўраб Урганч шаҳридаги тиббиёт муассасасига ётқизилган. Самолёт маҳаллий вақт билан 02:31 да яна Қаршига учиб кетган.

Аввалроқ Қозоғистондан Истанбулга учган самолёт фавқулодда Урганч аэропортига қўнгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қирғизистоннинг Sky KG Airlines авиакомпаниясига қарашли «Diamond DA42 MNG» самолёти экипажи Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига фавқулодда қўнган.