Навоий вилояти Навбаҳор туманида 2021 йилнинг 1 август куни эрини болта билан чопиб ўлдирган аёл 16 йилга қамалди. Бу ҳақда «Янги давр» хабар бермоқда.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 2 нафар фарзанди бор аёл ўша куни турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг у ухлаб ётган эрини болта билан урган. Биринчи зарбадан ўлса-да, танага яна 13 марта зарба берган. Қотиллик вақтида эрининг ёнидa вояга етмаган ўғли ҳам ухлаб ётган бўлган. Ўғлига сачраган қонни ювиб, мурда ётган хонага ўт қўйган ва ота уйига қочиб кетган. Хонадонда тутун кўтарилган, лекин уй ёниб кетмаган.

Аёл судда қилмишидан пушаймонлиги, марҳум эрини яхши қўрганини айтиб, енгиллик берилишини сўраган. Ҳукмга кўра, аёлга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Самарқандда эркак қўшнисини бошига болта билан уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада хотинини болта, ўғлини ёғоч билан уриб ўлдирган эркак 22 йилга қамалган.