Ўт ўчирувчи ва мўри тозаловчилар хизматига пул тўлаш қонунийми?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масала юзасидан муносабат билдирди
Фавқулодда вазиятлар органлари ва тузилмалари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг рўйхатига, асосан, одамларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш, мўриларни тозалаш ва шу каби бошқа хизматлар кўрсатилиши мумкин. Мазкур пуллик хизматлар аҳолининг ихтиёрий мурожаати асосида кўрсатилади, деб хабар бермоқда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати.

«Сўнгги кунларда одамларнинг ишончига кириб, ўзларини ўт ўчирувчи ва мўри тозаловчилар деб таништириб, кўплаб фуқароларнинг пулларини ўзлаштиришга ҳаракат қилинаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас», — дейилади агентлик хабарида.
Таъкидланишича, бу каби хизматлар тижорат ва нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин. Бунда одамларни шартнома тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
Аввалроқ депутат Расул Кушербаев ушбу масалада юридик кўмак сўраб, мурожаат этган аҳоли шикоятини ижтимоий тармоқда эълон қилганди. Унда билдирилишича, Наманган вилоятида «Янгиқўрғон Аланга ёнғинга қарши кураш» МЧЖ аҳолидан 15 минг сўмдан пул олиб юрган.