Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 11 январь куни «Nexia» автомобилида ёнғин юзага келди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, соат 14:55 да туман ҳудудидан ўтган Еттитом–Ғузор автомобиль йўлининг 10-километрида 1985 йилда туғилган ҳайдовчи А.Х. «Nexia» русумли автомобилда ҳаракатланиб кетаётган вақтда транспорт воситасининг двигатель қисмида қисқа туташув ва унинг ортидан ёнғин юзага келган. Ҳайдовчи автомобилни зудлик билан тўхтатган.

Фото: «NasafNews»
Фото: «NasafNews»

Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Мазкур ҳодиса юзасидан туман ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Фото: «NasafNews»

«Барча ҳайдовчилардан бошқарувидаги транспорт воситасининг техник созлигига эътиборли бўлишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Жиззахда «Nexia» қисқа туташув оқибатида ёниб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қашқадарёда юк машинаси ёниб кетган.