Қашқадарё вилояти Ғузор туманида тадбиркорнинг 1000 долларини қўлга киритган корхона раҳбари ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ғузор тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда «Қ.Т.» АЖ раҳбари У.Д. тадбиркор Ш.нинг ишончига кириб, корхонанинг 1,2 миллиард сўмга баҳоланиб, аукцион орқали сотувга қўйилган ишлаб чиқариш биносини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали арзон нархда олиб бериш эвазига 1000 долларини қўлга киритгани аниқланиб, текширув давомида У.Д. томонидан пул ихтиёрий қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда солиқ инспекцияси бошлиғи 15 минг доллар пора билан қўлга тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда вазирлик ходими пора олаётганда ушланган.