«Қозоғистондаги воқеалардан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак». Лукашенко бу билан нима демоқчи? 

Январь ойи бу йил ўзига хос «сюрприз» билан бошланди. Шундоққина ёнимизда, Қозоғистонда юзага келган сиёсий инқироз бизни ҳам сергаклантирмай қолмади, албатта. Биз учун энг хавотирли ҳодисалар айни шу жараён фонида қалқиб чиқа бошлади. Уларнинг орасида Беларус президенти Александр Лукашенконинг шов-шувли баёноти ўзбекистонликларнинг катта норозилигига ва муҳокамасига сабаб бўлди. Лукашенко нима деганди?

Фото: «AFP»

10 январь, душанба куни КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди. Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қизғизистон, Россия ва Тожикистон каби давлатлар президентлари иштирок этди. Муҳокама жараёнида Лукашенко «Қозоғистондаги воқеалардан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклиги, агар бундай қилинмаса, Ўзбекистонни ҳам шу ҳолат кутиб тургани»ни айтди. Жуда қизиқ ва жумбоқли огоҳлантириш, шундай эмасми? Хўш, икки йил олдин курсиси силкинган Беларус раҳбари бу билан нима демоқчи бўлди? Буни фақат ҳозирча у билади, холос.

Яна қўшимча равишда, у гўёки Ўзбекистонга хориждан ҳужум бўлиши ҳақида ишонарли маълумотлар борлигини ҳам айтди. Бу гапи билан эса Ўзбекистон махсус хизматларига нисбатан ишончсизлик билдирди дейиш мумкин. Худдики, ўзбек махсус хизматлари ҳеч нарсадан хабари йўқдек. Аслида эса Ўзбекистон ҳар қандай ички ва ташқи хавф-хатарни олдиндан баҳолай олиш ва унинг олдини олишга қодир бўлган ҳарбий-техник ва таҳлилий салоҳиятига эга давлат. Жаноб Лукашенко бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Келинг, унинг ўзига хос «огоҳлантириши» ортида нималар ётганини таҳлил ва тахмин қилиб кўрайлик. Масалан, «агар КХШТ ва ЕИИга аъзо бўлмасанглар, сизларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юз беради» демоқчи бўлган бўлиши ҳам мумкин. Ёки унинг Москва билан азалий жиққамуштлигини (охирги икки йилни ҳисобга олмаса албатта) инобатга олсак, у бизни Москванинг эҳтимолий интервенциясидан огоҳлантирмоқчи бўлгандир. Зеро, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ёзганидек, «Ўзбекистон, албатта, эҳтиёт бўлиши керак. Лекин, Ғарбдан эмас, шимолдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг издан чиқиши, натижада, вазиятга ташқи таъсирнинг ошиши, афсуски, шимол фойдасига бўлиш эҳтимоли юқори. Қозоғистонда шундай бўлди».

Масаланинг яна бир жиҳатига қарайдиган бўлсак, Беларус ҳамда Ўзбекистон ШҲТ, МДҲ доирасида ва ўзаро икки томонлама ҳамкорлар ҳисобланади. Табиийки, бундай пайтда икки давлат хавфсизлик органлари ҳам ҳамкорликка эга бўлади. Шундай экан, икки давлат хавфсизликка таҳдид фонида ўзаро маслаҳатлашув ва маълумотлар алмашиш имконига эга. Энди Лукашенконинг юқорида айтганидек, унда «ташқи ҳужум» борасида аниқ ва ишонарли ахборотлар бор экан, нега уни ўзбек хавфсизлик хизмати ходимларига тақдим қилмасдан, юқори минбарлардан туриб гапирмоқда? Саволларга жавоблар очиқ.

Шу ўринда, Ўзбекистоннинг мудофаа доктринасига бир назар ташлайлик. Ушбу доктринага кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган:

  • бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бунда ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно;
  • хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги;
  • бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;
  • ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмадан, агар у ҳарбий-сиёсий блок этиб ўзгартирилса, чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш;
  • мудофаанинг етарли даражада бўлиши;
  • ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши;ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш;
  • Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик;
  • ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;
  • Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги;
  • халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий тамаддунига таяниш.

Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ҳар қандай ҳабрий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган ва ўзбек аскарларнинг хориждаги ҳар қандай ҳарбий амалиётларда иштирок этишига йўл қўйилмайди. Бу дегани ўзбек аскари бошқаларнинг сиёсий мақсадлари йўлида жанг қилмайди.

Шундай экан, Лукашенконинг таҳдидларига ўхшаган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш керак ва бунга тўлиқ ҳуқуқий асосларимиз етарли. Бизнингча, Лукашенко бундай баёнотлар билан 2020 йилги ўзига қарши қаратилган халқ норозилик намойишлари пайтидаги ҳаракатларини легитимлаштиришга уриниш ва бундай «ташқи фитна»ларга фақат у эмас, бошқалар ҳам дучор бўлиши мумкинлигини шипшитиб қўяётгандек тасаввур пайдо қилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бирдамлик, ўзаро тушуниш ва низоларни тинч йўл билан ҳал қилишда, шунингдек, иқтисодий ўсишдадир. Шундай экан бир бўлайлик, бирлашайлик ва асло бўлинмайлик.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади

Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият1:05 | 9.8.22
Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Жаҳон0:51 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Жаҳон0:50 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Жамият, Хоразм0:44 | 9.8.22
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Жамият0:41 | 9.8.22
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Жамият, Самарқанд0:40 | 9.8.22
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма