Беларусь президенти Александр Лукашенко 10 январь куни КХШТ кенгаши йиғилишида ташкилот давлатлари Қозоғистондаги намойишлардан сабоқ олиши кераклигини айтиб, Ўзбекистон бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. Россия Фанлар академияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими Станислав Притчин унинг мазкур фикрига муносабат билдирди.

Фото: «РИА Новости»

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондаги вазиятдан тубдан фарқ қилади, жумладан мамлакат ҳудудида беқарорлик учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ.

«Глобал миқёсда гапирадиган бўлсак, ҳар доим вазиятни беқарорлаштириш учун имконият борлиги аниқ. Аммо Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятни солиштирадиган бўлсак, у Қозоғистонникидан тубдан фарқ қилади: мамлакатда Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар каби сиёсий бўлиниш йўқ», — деган Притчин.

Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда вазият барқарор: барча қарорлар жамоатчилик фикри билан бўлмаса-да, аҳоли турмуш даражасига мувофиқ, воқеликдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. «Демак, умуман олганда, ҳозирда беқарорлик учун жиддий шартлар мавжуд эмас», — деган у.

Унинг қўшимча қилишича, Тошкентдан 100 километр узоқликда жойлашган Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ҳам тартибсизликлар бўлган, шу боис намойишларда маълум даражада Ўзбекистон фуқаролари қатнашган бўлиши мумкин.

«Бу бевосита эмас, яъни Қозоғистонда кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари ишлаётганини ҳисобга олсак, айримлар тартибсизликларда иштирок этган бўлиши мумкин. Минтақада ўзаро боғлиқлик мавжуд. Лекин Ўзбекистонда вазиятни беқарорлаштириш учун ҳеч қандай фундаментал сабаб йўқ», — деган Притчин.