Барча самарали тизимлар бир-бирига ўхшайди,
самарасиз тизимлар эса ўзига хос.

(Андрей Кортунов, сиёсатшунос)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, тинчликка таҳдиднинг олдини олиш, адолат ва халқаро ҳуқуқ принципларига асосланган ҳолда тинчлик воситаларидан фойдаланиб, тинчликнинг бузилишига олиб келувчи халқаро низо ёки вазиятларни юмшатиш ёки ҳал этиш каби мақсадлар учун тузилган. Унинг мазкур вазифаларни бажаришга масъул органи эса Хавфсизлик кенгаши ҳисобланади.

«Bugun.uz» колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада БМТ Хавфсизлик кенгаши, унинг фаолияти, самарасизлиги сабаблари ҳамда вето ҳуқуқи хусусида сўз юритади.

Фото: «RT»

Хавфсизлик кенгаши ташкил этилганидан буён турли халқаро ва ички низоларни, зиддиятли вазиятларни ҳал қилишга катта ҳисса қўшди. Кенгаш низоларни ҳал қилиш учун воситачилик гуруҳларини яратади, ихтилофларни келтириб чиқарган фактларни аниқлаш миссияларини ташкил қилади. Бундай ташаббуслар кўпинча муваффақият билан якунланиб, нафақат халқаро зиддиятли вазиятлар пайдо бўлишининг олдини олишга ёрдам беради, балки давлатлар ичидаги кескинликни ҳам пасайтиради. Жумладан, Кенгаш 1948 йилда БМТнинг Тинчлик сулҳи шартларига риоя этилишини назорат қилиш ташкилотига (UNTSO) асос солди ва унга Исроил ва унга қўшни араб давлатлари ўртасидаги сулҳни сақлашга ёрдам бериш вазифасини юклади. Унинг ортидан 1949 йилда БМТнинг Ҳарбий кузатувчилар гуруҳи Ҳиндистон ва Покистонда икки давлат ўртасидаги Жамму ва Кашмир минтақасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга риоя этилишини кузатиш учун етиб келди.

Хавфсизлик Кенгашининг фаолияти туфайли БМТ 1988 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланди. Нобел қўмитаси «БМТ тинчликпарвар кучлари тинчлик шартномаси тузилмаган ўта оғир шароитларда кескинликни юмшатишга ёрдам берган»ини алоҳида эътироф этди.

Бироқ кўплаб экспертларнинг фикрича, Хавфсизлик кенгашининг таркиби ва иш тартиби XXI аср воқеликлари ва улар олиб келган оқибатларга мос келмай қолган. Сўнгги йилларда Кенгашни сустлик ва масъулиятсизлик, сиёсий жанжаллар, Суриядан Украинагача, Фаластиндан Мьянмаргача бўлган энг кескин инқирозли вазиятларни юмшатолмагани ёки буни истамагани учун фақатгина дангасалар танқид қилмади, холос. Танқидлар турфа хиллигига қарамай, уларнинг аксарияти икки асосий нуқтага бориб тақалади. Уларнинг биринчиси кенгаш таркибига тааллуқли бўлса, иккинчиси унинг иш тартиби билан бевосита боғлиқ.

Катта бешлик

Хавфсизлик Кенгаши 15 давлатдан: икки йиллик муддатга географик принцип бўйича сайланадиган 10 доимий бўлмаган ҳамда АҚШ, СССР, Буюк Британия, Франция ва Хитойдан иборат 5 доимий аъзодан иборат. Бироқ ҳозирга қадар ўзгармаган доимий аъзолар таркиби кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда.

1945 йилда БМТ 51 аъзога эга бўлса, 1965 йилда Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари сони 6 тадан 10 тага кўпайди ва ташкилотдаги умумий аъзолар сони 117 тага етди. Ҳозирда БМТ 193 аъзога эга.

Бундан 77 йил аввал мантиқий бўлган қарор XXI асрдаги ҳақиқий вазият ва кучлар мувозанатини акс эттирмайди. Масалан, ўша пайтда урушда мағлуб бўлган Германия эндиликда Европа Иттифоқи сиёсатида етакчи ўринни эгаллаб, нафақат ўз минтақасидаги, балки бутун дунёдаги жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бироқ унинг Хавфсизлик кенгашида доимий аъзолиги йўқ.

Агар ялпи ички маҳсулот нуқтаи назаридан қаралса, АҚШ ва Хитой Катта бешликда қолиб, бошқа аъзолар ўз ўрнини Япония, Германия ва Ҳиндистонга бўшатиб бериши керак. Географик нуқтаи назардан ҳам ҳаммаси тескари: Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан ҳеч қайсиси доимий аъзолар сафида мавжуд эмас, гарчи Хавфсизлик кенгашининг кун тартибига кўпинча ушбу минтақаларда бўлиб ўтадиган воқеалар киритилса-да.

Хавфсизлик кенгаши таркибини ўзгартириш ёки кенгайтириш зарурати кўп йиллардан бери муҳокама қилинмоқда. 2005 йилда Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония томонидан Тўртлик гуруҳи (G4) тузилди. G4 да доимий аъзолик учун ўзаро аризаларни илгари суриш мақсад қилиб қўйилган.

Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сонини кўпайтириш таклифи кўплаб халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ҳам билдирилган. Шунингдек, Африка иттифоқи Африка давлатлари учун қўшимча икки доимий ўрин яратишни, Араб давлатлари Лигаси эса араб давлатлари учун битта ўрин ажратишни сўрамоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам БМТнинг 1995 йилги сессиясида Япония ва Германияни доимий аъзоликка қабул қилишни таклиф этган эди.

Бироқ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сонини ошириш осон эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳар қандай ислоҳоти Бош ассамблея аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овозини, шунингдек, кенгаш барча доимий аъзоларининг қўллаб-қувватлашини талаб қилади. Аммо «танланган»ларнинг барчаси ҳам вето ҳуқуқини бўлишиш учун тайёр эмас.

«Тақиқлайман»

Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг вето ҳуқуқига қарши кураши жуда узоқ вақтдан бери давом этаётган бўлса-да, аммо у муваффақиятдан анча йироқда кечмоқда. Бу, биринчи навбатда, статус (мақом) масаласи, айниқса, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида ўрни заифлашиб бораётган аъзолар учун. Вето ҳуқуқининг бекор қилиниши улар учун миллий ғурурга қаттиқ зарба бериш, «оддий» давлатлар даражасига тушириш ва БМТни яратишдаги ролини унутиш демакдир.

Шуни таъкидлаш адолатданки, БМТ умумий бюджетининг 42 фоизидан ортиғи Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари томонидан ажратиладиган маблағга тўғри келади.

Шунингдек, вето ҳуқуқи мақомдан ташқари миллий манфаатлар масаласи ҳам ҳисобланади. Ўзаро келишмовчиликларга қарамай, катта бешликнинг барча аъзолари ўзининг суверенитетини жуда қадрлайди ва ҳеч кимнинг, шу жумладан, БМТнинг ҳам бу суверенитетга даҳл қилишини хоҳламайди. Айниқса, бу масалада муросасиз позицияларни катта учлик – Россия, Хитой ва АҚШ эгаллаб турибди. Вето эса «танланган» бир неча киши учун суверенитетнинг деярли мутлақ кафолатларини беради. Маълумки, суверенитет ички ва ташқи сиёсатда мустақилликни англатади, доимий аъзолар эса ўзининг ушбу мустақиллигига дахл қиладиган ҳар қандай қарорга тақиқ қўйади.

Фото: «BBC»

Вето ҳуқуқининг аҳамияти шундаки, у фақатгина доимий аъзоларга тегишли бўлиб, кенгаш қарорларини кучга киришдан сақлаб қолиш ваколатини беради. Чунки БМТ низомига кўра, Хавфсизлик кенгашининг тартибот масалаларидан бошқа барча масалаларга оид қарорлари доимий аъзоларнинг барчаси томонидан ёқлаб овоз берилгандагина қабул қилинади. Аммо бу ҳуқуқ кўпинча катта бешлик давлатлари томонидан ўз манфаатларига зид қарорларни тўхтатиб қўйиш учун (блоклаш) фойдаланилади.

Шу сабабдан дунёнинг юздан ортиқ давлатлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларига вето қўйиш ҳуқуқини чеклаш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Шу жумладан, кенгашнинг доимий аъзоларидан бири – ­Франция 2013 йилда ветони чеклаш ташаббуси билан чиқди ва қолган аъзоларни инсониятга қарши жиноятлар ва геноцидга оид резолюцияларни блоклаш учун фойдаланмасликка чақирди. Кейинчалик, Мексика бу ташаббуснинг ҳаммуаллифига айланди.

Франция Президенти Эммануэль Макрон ўз нутқида Хавфсизлик Кенгаши ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади:

«Бугунги кунда кўп томонлама ҳамкорлик шакллари заифлашган, чунки Кенгашнинг иши вето орқали тўхтатиб қўйилмоқда: айтишим керакки, БМТ Хавфсизлик кенгаши эндиликда бошқа фойдали қарорлар қабул қила олмайди».

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин эса вето ҳуқуқининг бекор қилиниши тўғрисидаги чақириқларга шундай муносабат билдиради:

Агар биз доимий аъзоларнинг вето ҳуқуқини йўқ қилсак, БМТ ўша куни ҳалок бўлади. У миллатлар лигасига айланади. Бу шунчаки муҳокама учун платформа бўлади».

Путин учун вето ҳуқуқининг аҳамиятини қуйидаги инфографикада кўриш мумкин:

Фото: «Bugun.uz»

БМТ Бош ассамблеясининг 2015 йилда бўлиб ўтган 70-сессияси раиси Могенс Луккетофт Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари вето ҳуқуқидан фойдаланишни тўхтатиб, ўткир муаммоларни ҳал қилиш учун ўзаро мақбул йўлларни излашлари керак, деган фикрни билдиради. Шунингдек, у вето ҳуқуқи масаласида қуйидаги фикрларни билдириб ўтади: «Доимий аъзоларни вето ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкин эмас, бу БМТ низомида кўрсатилган, унда фақатгина қарорлар беш доимий аъзонинг бир овоздан қабул қилиниши ўзгартирилиши мумкин. Яъни ҳозирда қарорни 5 доимий аъзодан бири рад этса ҳам, қарор қабул қилинмайди. Луккетофт эса доимий аъзоларнинг барчаси билан ҳисоблашилиши тўғрисидаги талабни ўзгартириш мумкинлигини билдиради.

Дарвоқе, БМТ низомида «вето» атамаси (лот. ­­ – «тақиқлайман») тўғридан тўғри тилга олинмайди. Бу ҳуқуқ низомнинг 27-моддасида қуйидагича ифодаланади: «Хавфсизлик кенгашининг барча бошқа масалаларга оид қарорлари кенгашнинг барча доимий аъзоларининг бир хил овозларини қўшиб ҳисоблаганда 9 аъзоси овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади».

Юқорида келтирилган муаммолар сабаб Хавфсизлик кенгаши БМТ низомида белгиланган вазифаларни тўла бажара олмади. Халқаро миқёсда тинчликни сақлаш, кескинликни юмшатишга ўз ҳиссасини қўшган бўлса-да, ҳар доим ҳам қон тўкилишининг олдини ололмади. Бу фикрларнинг тасдиғи сифатида сўнгги 20-30 йилдаги воқеалар: Руанда ва Камбоджадаги геноцидлар, Сребреницадаги қирғинлар, Югославия урушлари, Сомали, Судан ва Шри-Ланкадаги қуролли ихтилофлар ҳамда Арманистон ва Озарбайжон орасидаги Тоғли Қорабоғ низоларини келтиришнинг ўзи кифоя.

Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон

Сўнгги кунларда Қозоғистонда юз бераётган воқеалар­ – митинг, хаос ва қуролли тўқнашувлар БМТ фаолияти билан боғлиқ бир қанча саволларни келтириб чиқаради. Жумладан, Қоғозистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ўрни қандай? Бу каби вазиятларда Хавфсизлик кенгашида қандай ваколат ва мажбуриятлар бор?

Шуни таъкидлаб ўтиш ўринлики, Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида БМТ Хавфсизлик кенгашига кирган биринчи давлатдир. Албатта, доимий бўлмаган аъзоси сифатида. Унинг 2016 йилда бошланган фаолияти оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, халқаро низоларни ҳал қилиш, Марказий Осиё ва Афғонистонда хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризмга қарши курашишга қаратилган эди.

Хавфсизлик кенгашининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) сафида илк бор Қозоғистоннинг 120 кишидан иборат тинчликпарвар контингенти БМТ тинчликпарвар миссиясига юборилган.

2018 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 73-сессияси доирасида Қозоғистон ташаббуси билан ҳозирда 70 дан ортиқ давлат қўшилган Терроризмдан ҳоли дунёга эришиш бўйича хулқ-атвор кодекси қабул қилинган эди. Шунингдек, унинг иштирокида Африка Эритреясидан санкциялар олиб ташланган. Бундан ташқари, Қозоғистон Суриядаги вазиятни тартибга солишда муҳим роль ўйнаган эди.

Бироқ доимий бўлмаган аъзо сифатидаги фаолияти якунланганидан кейин орадан 4 йил ўтиб, Қозоғистоннинг ўзи минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётган нуқтага айланди.

Фото: «Ria Novosti»

БМТ низомида ташкилотга аъзо давлатлар тинчликка таҳдид соладиган низо ҳақида кенгашни хабардор қилиши белгиланган. 2022 йил 7 январда Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига мамлакатдаги вазият ҳақида нота йўллади. Қозоғистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси Хавфсизлик кенгашига республикадаги вазият ва уни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Нотада айтилишича, «давлат бинолари, аэропортлар, муҳим инфратузилма ва қурол-яроғ дўконларига қилинган ҳужумлар фитначилар ҳаракатининг режаланганидан далолат беради».

Бу каби вазиятларда Хавфсизлик кенгаши ташкилот низомига кўра, халқаро ихтилофга сабаб бўлиши ёки низо чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчилик ёки вазиятни, уларнинг давом этиши халқаро тинчлик ва хавфсизликнинг сақланишига таҳдид сола олиши эҳтимолини аниқлаш мақсадида текширишга вакил қилиниши мумкин.

Хавфсизлик Кенгаши тинчликка ҳар қандай таҳдид қилиш, тинчликни ҳар қандай тарзда бузиш ёки босқинчилик ҳаракати мавжудлигини аниқлайди ва тавсиялар беради ёки халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёхуд тиклаш учун қандай чоралар кўриш кераклигини ҳал қилади.

Кўрилиши мумкин бўлган чораларни БМТ низомига асосан, иккига бўлиш мумкин:

  • биринчиси, Хавфсизлик кенгаши ўз қарорларини амалга ошириш учун қуролли кучлардан фойдаланиш билан алоқадор бўлмаган қандай чоралар кўриш кераклигини ҳал этишга вакил қилинади ва у Ташкилот аъзоларидан шундай чораларни кўришни талаб қила олади. Бу чораларга иқтисодий муносабатларни, темир йўл, денгиз, ҳаво, почта, телеграф, радио ёки бошқа алоқа воситаларини тўла ёки қисман тўхтатиш, шунингдек, дипломатик муносабатларни узиб қўйиб кириши мумкин (Бу чоралар давлатлараро низоларга тааллуқли бўлиб, Қозоғистонга нисбатан қўллаб бўлмайди);
  • Иккинчиси, агар Кенгаш юқорида назарда тутилган чораларнинг етарли бўлмаслиги мумкин ёки етарли эмас, деб топса, у ҳаво, денгиз ёки қуруқликдаги кучлар ёрдамида халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёки тиклаш учун зарур чоралар кўришга вакил қилинади. Бу чораларга Ташкилот аъзоларининг ҳаво, денгиз ёки қуруқликдаги кучларининг намойиши, қамал қилиши ва бошқа амалиётлари кириши мумкин.

Бунда зарурий шарт шундаки, кўриб чиқилаётган ҳолатлар халқаро ихтилофга сабаб бўлиши ёки низо чиқариши мумкин бўлиши, уларнинг давом этиши халқаро тинчлик ва хавфсизликнинг сақланишига таҳдид сола олиш эҳтимоли бўлиши лозим. Мазкур эҳтимолларга эса бевосита Хавфсизлик кенгаши томонидан ҳар бир ҳолат текшириб чиқилгандан сўнг баҳо берилади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Қозоғистондаги ҳолат халқаро ихтилофлар келтириб чиқармайди, минтақавий миқёсда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солмайди, деб баҳоланса, БМТ низомининг 41-42-моддаларида кўзда тутилган юқоридаги чоралар қўлланилмайди. Чунки БМТнинг вазифаси халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва шу мақсадда тинчликка таҳдиднинг олдини олиш, тинчликнинг бузилишига олиб келувчи халқаро низо ёки вазиятларни тинчитиш ёки ҳал этиш ҳисобланади. Ва бунда асосий эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта тинчликка таҳдид солаётган ҳолатнинг халқаро тусга эга бўлиши ҳисобланади.

Шундай қилиб, хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Хавфсизлик кенгашининг Қозоғистондаги ихтилофларга аралашиш эҳтимоли паст. Чунки митинг, тартибсизлик ва қуролли тўқнашувлар мамлакат доирасидан ташқарига чиқмаган ва халқаро миқёсда тинчликка дахл қилмайди.