Ислом Амирлиги Бош штаби бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитрат ҳукумат 150 минг кишилик армия тузишга ҳаракат қилаётганини айтди. Бу ҳақда «TOLO news» хабар берди.

Фото: «oryxspioenkop.com»

Келтирилишича, Ҳирот вилоятида 500 нафар армия аскарининг битирув маросимида қатнашган «Толибон» расмийси мамлакат бўйлаб 8 корпусда жойлашган камида 80 минг армия аъзоси борлигини айтган. «Кўнгилли бўлган барча армияга олинади, биз профессионалларни ҳам жалб қиламиз», — деган Қори Фасиҳуддин Фитрат.

Айни пайтда Қори Фасиҳуддин Покистон ҳукуматини Дуранд чизиғи бўйлаб чегарани тўсиб қўйишни тўхтатишга чақириб, Ислом Амирлиги кучлари мамлакат чегарасини тўлиқ ҳимоя қилишга қодирлигини айтган. «Бундай бўлмаслиги керак, биз қўшни давлатни чегарани тўсиб қўйишни тўхтатишга чақирамиз», — дея қўшимча қилган у.

Таъкидланишича, Афғонистон ғарбидаги ҳарбий қисмларда (корпус ва бригадаларда) камида 14 минг армия аъзоси жойлашган. Айни пайтда, мудофаа ва ички ишлар вазирлари ўринбосарлари ҳамда разведка бошқармаси ўринбосарларидан иборат юқори даражадаги хавфсизлик делегацияси шимолий вилоятлардаги хавфсизлик ҳолатини баҳолаш учун Мозори-Шарифга жўнаб кетган.

Хавфсизлик ходимлари умумий амнистия эълон қилингани ва ҳеч ким, шу жумладан, собиқ хавфсизлик ходимлари ҳибсга олинмаслиги ёки таъқиб қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган. Қоидабузарлар жазоланиши қайд этилган.

Аввалроқ «Толибон» аёлларни армияга олиш шартини маълум қилганди.