Тошкентда андижонлик таксичини ўлдириб кетгани гумон қилинган 3 йўловчи ушланди
Ҳайдовчи машинасида бировнинг 11 650 доллар пулини етказиб бераётган бўлган
Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги автотураргоҳда «Cobalt» юкхонасидан андижонлик таксичининг мурдаси топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда андижонлик таксичи Тошкент вилоятида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тарқалган. Аниқланишича, 8 январь куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро О.Латипова туман ИИБга мурожаат қилиб, 7 январь куни уйдан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган 1991 йилда туғилган фарзанди М.Отахоновни топишда амалий ёрдам сўраган.
М.Отахонов «Cobalt» русумли автомашинасида Андижон–Тошкент йўналишида қатнаб, аҳолига пулли транспорт хизмати кўрсатиб келган. У 7 январь куни соат 17:55 атрофида Шаҳрихон туманидаги автотураргоҳдан бир фуқародан 11 650 долларни Тошкент шаҳридаги танишига олиб бориб бериш учун олган ҳамда нотаниш бўлган 3 нафар йўловчи бирга ўз автомашинасида Тошкент шаҳри йўналишида кетиб, бедарак йўқолган.

Унинг қотиллик қурбони бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, Шаҳрихон туман прокуратураси томонидан 9 январь куни Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва малакали тергов-тезкор ходимлардан иборат таркибда тузилган тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор қидирув тадбирлари натижасида унинг мурдаси Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги автотураргоҳда машинасининг юкхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган. Жиноятни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида 3 нафар гумонланувчи Қўқон шаҳар ҳудидан ушланган ва терговга жалб қилинган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Андижон вилояти прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.