Тошкент шаҳрида жойлашган Чилонзор буюм савдо комплексида 9 январь куни 4 нафар аёл ўғрилик қилди.Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, тахминан соат 12:30 да тўрт нафар номаълум аёл Чилонзор буюм савдо комплексидаги дўконларнинг бирига харидор сифатида келиб, сотувчи чалғиганидан фойдаланиб, 280 000 сўмлик буюмларни яширин равишда олиб кетган.

Кўрилган тезкор тадбирлар натижасида аёллар аниқланиб, улар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланган. Ҳозирда Ю.З., Х.Д., М.Х., А.С.га нисбатан туман ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз бирор жиноятнинг шоҳиди бўлиб қолсангиз, дарҳол яқин орадаги ИИОга ёки 102 рақамига хабар беринг. Содир этилаётган жиноятга бефарқ бўлманг», дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда 3 йигит 52 ёшли эркакни уриб, телефонини ўғирлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода қиз бировнинг уйидан 7 миллион сўмлик тилла тақинчоқ ўғирлаган.