Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли — бош вазири ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда «Turkmenportal» хабар берди.

Фото: Туркманистон президенти матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ташриф давомида Туркманистон–Ўзбекистон ҳамкорлигини иқтисодий соҳада кенгайтиришга оид учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Рашид Мередов ва Абдулазиз Комилов 10 январь куни телефон орқали учрашувни муҳокама қилган.

Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги суҳбат чоғида икки давлат стратегик ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашган. Давлат раҳбарлари ўртасида аввал эришилган келишувлар ижросининг боришига алоҳида эътибор қаратилган.

Аввалроқ Туркманистон президенти ўғлига мамлакатдаги бозорлар юзасидан топшириқ бергани ва Туркманистон президенти ўғлига кредит ва қарзларни ўз вақтида тўлашни таъминлашни буюргани маълум қилинган.