Абдулла Арипов Қозоғистоннинг янги бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, суҳбат давомида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Алихан Смаиловни Қозоғистон бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаган. Шунингдек, томонлар стратегик шерикликни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклларда янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирган.

«Қозоғистон ҳукумати қардош Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга қатъий содиқ қолади. Биз аввал эришилган келишувларни амалга оширишга қатъий қарор қилдик. Ишончим комилки, икки томонлама ҳамкорлик кун тартиби доирасида белгиланган режалар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилади», — дейди Алихан Смаилов.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиёдаги барча минтақавий савдонинг қарийб 70 фоизи Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилнинг 10 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,26 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир.

Аввалроқ Абдулла Арипов Россия бош вазири билан учрашганди. Шунингдек, Абдулла Арипов Беларусга ташриф буюргани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз